Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ички ишлар органларининг таянч пунктлари номи ўзгариб, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари деб аталади. Бу ҳақда Адлия вазирлигига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Мазкур чора президентнинг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжатга кўра, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар бевосита жойларнинг ўзида ҳал этилади. Бунинг учун ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилади.
Дастлаб маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари Тошкент шаҳрида ташкил этилади.
2021 йил 1 июнгача Тошкент ва Самарқанд вилоятларида профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш имконини берувчи “Smart маҳалла” ахборот дастури ишга туширилади.
Мазкур ахборот дастури 2021 йил якунигача республиканинг бошқа ҳудудларида ишга туширилади.
Ички ишлар вазирлиги тузилмасида янги бўлинмалар ташкил этилади:
-
Жиноят қидирув бош бошқармаси, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси, Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармасини ўз ичига оладиган Тезкор-қидирув департаменти;
-
Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Пробация хизматини ўз ичига оладиган Жамоат хавфсизлиги департаменти;
-
Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси, Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармасини ўз ичига оладиган Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти;
-
Кадрлар бош бошқармаси, Маънавий-маърифий ишлар бошқармаси, касбий тайёргарлик бошқармасини ўз ичига оладиган Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти;
-
Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази (Бош прокуратуранинг Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди);
-
Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази.
Шу билан бирга, Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил этилган.
Ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмасида ички ишлар органлари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича, пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси (бўлими) бошлиғи лавозимлари тугатилган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас