Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эрон ва Уммон Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини босқичма-босқич тиклаш мақсадида вақтинчалик навигация йўлагини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди. Томонлар, шунингдек, бўғоз акваториясини миналардан биргаликда тозалаш имкониятини ҳам кўриб чиққан.
Бу масала Теҳронда Уммон ташқи ишлар вазири Бадр Албусаидий ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасидаги учрашувда муҳокама
қилинган. Қўшма баёнотга кўра, дастлаб вақтинчалик қўшма навигация йўлагини ташкил этиш ва хавфсизлик чораларини таъминлаш режалаштирилмоқда.
Кейинги босқичда эса Ҳўрмуз бўғозида доимий навигация йўлагини белгилаш, уни бошқариш тартиби, ахборот алмашинуви, кемалар ҳаракатини мувофиқлаштириш ҳамда хавфсизлик хизматларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган.
Уммон ташқи ишлар вазири яқин вақт ичида вақтинчалик йўлак очилиши ҳақида расмий эълон қилинишига умид билдирган. Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободийнинг айтишича, Уммон қўлтиғидан Форс кўрфазига олиб кирувчи вақтинчалик йўл тўлиқ Эрон ҳудудий сувлари орқали ўтади, чиқиш қисми эса Эрон ва Уммон ҳудудий сувларини қамраб олади.
Томонлар музокараларни кейинги 30–60 кун давомида давом эттиришни режалаштирмоқда.
Айни пайтда Ҳўрмуз бўғози атрофида хавфсизлик билан боғлиқ вазият ҳам сақланиб қолмоқда. Британиянинг UKMTO денгиз савдоси операциялари бошқармаси маълумотига кўра, Уммон соҳиллари яқинида яна бир нефт ташувчи кемага ҳужум қилинган. Ҳодиса Аш-Шишаҳ шаҳри шимоли-шарқида, соҳилдан тахминан 9 денгиз мили узоқликда содир бўлган.
Ҳужум оқибатида кеманинг машина бўлими шикастланган ва у ҳаракатланиш имкониятини йўқотган. Ҳозирча ҳодисани ким содир этгани маълум эмас.
Шунингдек, Эрон ва Уммон минтақадаги вазиятни юмшатиш бўйича Покистон билан ҳам мулоқот олиб бормоқда. Улар Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракатини қайта тиклаш ва денгиз хавфсизлигини таъминлаш учун дипломатик ечим изламоқда.
Аввалроқ Эрон давлат телеканали АҚШ президенти Дональд Трампнинг 20 ёшли ўғли учун 10 миллион доллар миқдорида мукофот ваъда қилингани ҳақида хабар тарқатганди.

Изоҳлар мавжуд емас