Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. ИИББ пойтахт кафеларидан бирида юз берган муштлашишдан сўнг ёш йигитнинг ўлими бўйича маълумот берди. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар қилмоқда.
ИИББ берган маълумотга қараганда: “2019 йилнинг 28 октябрь куни тахминан соат 21:00да 24 ёшли Бобур ва 30 ёшли Мурод Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган “Уголок” кафесида овқатланиб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб туришган. Кечки овқат пайтида Бобурнинг ҳатти-ҳаракати мазкур кафе қўриқчилари 21 ёшли Ахмаджон ва 22 ёшли Далержонлар билан низога сабаб бўлган.
Баҳслашиш давомида йигитлар кафедан ташқарида “суҳбат”ни давом эттиришган ва оқибатда муштлашиш келиб чиққан. Натижада Бобур тан жароҳати олгач, дўсти Мурод билан бирга таксига ўтиришган. Аммо сал ўтмасдан, Мурод ўзини ёмон хис қилиб, машинани тўхтатишни сўраган ва ташқарига чиққан.
“Шу пайт ўтиб кетаётган “тез ёрдам” машинаси шифокорлари Муродни кўриб қолиб, уни касалхонага олиб боришга қарор қилишган. Афсуски, йигит йўлда вафот этган. Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Муродда ўткир юрак етишмовчилиги ва алкоголь заҳарланиш ҳолати аниқланган. Унда бирор турдаги тан жароҳатлари бўлмаган", – деб таъкидлаган ИИББ вакиллари.
Ҳозирги пайтда юз берган ҳолат Чилнзор тумани прокуратураси назоратига олинган. Шундай бўлсада, Чилонзор тумани ИИБ томонидан Ахмаджон ва Далержонларга нисбатан Жиноят кодексининг 227 -моддаси 2 қисми “б” банди (безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар! Интернет майдонларида ўқиб қолган хабарларга асосан хулоса чиқарманг. “Уголок” тунгги клуб эмас, балки кафе сифатида фаолият юритаётганлигига эътибор беришнинг ўзи кифоя. Безорилик ва Муроднинг ўлими ўртасидаги алоқа тергов давомида батафсил ўрганилиб, расмий каналларимиз орқали алабтта ёритилади”, - деб якунлади ИИББ.
Изоҳлар мавжуд емас