Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ички ишлар вазирлигининг матбуот-хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовга ҳавола қилган ҳолда Batafsil.uz. мухбири хабар беришича, вазирлик “очиқлик баҳонасида қонунчиликни суиистеъмол қилаётган ижтимоий тармоқлар фаоллари”ни огоҳлантирган.
“Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг фаоллари ўртасида ўзларига тегишли ресурслар орқали бир-бирларига нисбатан ҳақоратомуз мақолалар ёзиш, турли текширилмаган ва номақбул маълумотларни тарқатиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда”, – дея таъкидлаб ўтди Ғиёсов.
Унинг сўзларига кўра, Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати доимий равишда веб-ахборот макони мониторингини олиб бормоқда.
“Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ижтимоий тармоқларнинг фаоллари “очиқлик” баҳонасида, ўзига эътибор жалб қилиш, кўпроқ фойдаланувчи йиғиш, моддий манфаат ва бошқа мақсадлар ортидан қонунчиликда белгиланган нормаларни суиистеъмол қилиб келмоқдалар”-деди матбуот хизмати раҳбари.
Унинг эслатиб ўтишича, ижтимоий тармоқларнинг фаоллари жамоат назоратининг субъектлари ҳисобланади ва уларнинг фаолияти “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади.
“Шундан келиб чиқиб, барча ижтимоий тармоқ фаолларини қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, холислик ва беғаразлик принципларига қатъий риоя қилишларига чақирамиз. Қонунчилик талабларини бузган фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ва тегишли чора кўрилади”, -дея якунлади у.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас