Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Тошкентда ўтказилган брифингда карантин пайтида мусодара қилинган автомобиллар, велосипедлар ва скутерларнинг сақланиши учун тўлов қандай амалга оширилиши хусусида гапириб берди.
"Ҳукумат автоуловларнинг ҳаракатланишига чекловлар ўрнатишга мажбур бўлди. Бундай кейин нима бўлганлиги барчага аён: вазият жиддийлигини англамасдан, шаҳар аҳолиси томонидан ишонч суистеъмол қилинди. Одамлар велосипедларини миниб, кўчаларни айланиб юришни бошлашди. Ҳаттоки, транспорт воситаларининг йўқлигидан фойдаланиб, катта кўчаларда автопойгалар уюштирилди. Шундан сўнг ҳукумат буни ҳам чеклашга мажбур бўлди", - деди у.
Ҳукумат комиссиясининг қарори билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига, Миллий гвардия ва бошқа идораларга карантин қоидаларини бузиб кўчаларга чиққан фуқароларга нисбатан қатъий чоралар кўриш ҳуқуқи берилди.
Янги қоидаларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари:
- транспорт воситаси учун кунлик тўловни тўлиқ тўланишини таъминлаган ҳолда ҳуқуқбузарларнинг транспорт воситаларини жарима майдончаларида карантин тугагунга қадар сақлаш;
- сабабсиз кўчага чиққан фуқароларга тегишли бўлган велосипед ва скутерларни мусодара қилиш, кунлик ижара тўловини талаб қилмасдан уларни карантин тугагунига қадар ички ишлар идораларида сақлаш. Карантин тугаганидан сўнг, шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан келиб уларни олиб кетиш мумкин;
- кўчада пиёёда юрган фуқароларни тўхтатиш ва огоҳлантириш, улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш, ҳужжат бўлмаган ҳолда шахсини аниқлаштириш, уларни ички ишлар органларига олиб бориш, фуқароларга нисбатан қатъий ҳуқуқий чоралар кўриш ва жавобгарликка тортиш ҳуқуқи берилган.
Изоҳлар мавжуд емас