Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Сўнгги пайтларда аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик қилиш билан боғлиқ турли жиноятлар ҳақида кўп эшитаяпмиз. Ушбу жиноятларни муҳокама қилиш чоғида обуначиларимиз кўпинча қалампирли баллонча, травматик тўппонча, электрошокер ва бошқа ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тавсия этишади. Биз Ўзбекистонда бу қанчалик қонуний экани, бу молларни қандай сотиб олиш ва уларга махсус рухсатнома керак ёки йўқлигини аниқлашга қарор қилдик.
Ўқувчиларимиздан бири шундай ёзмоқда: "Ўзбекистонда аёлларга қалампирли баллонча, травматик тўппонча, электрошокердан фойдаланишга рухсат берилаётгани ростми? Уларни сотиб олиш мумкинми? Агар рухсат берилса, рўйхатдан ўтказиш керакми, бу қаерда амалга оширилади? Прописка бўйича маҳаллий ИИБгами ёки бошқа жойга мурожаат қилиш лозимми? "
Бу саволларга Тошкент ИИБ Ахборот мультимедиа маркази ходими Анастасия Бавенд жавоб берди.
Унинг сўзларига кўра, газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозол ва кўз ёш чиқарувчи ёки бошқа моддалар билан жиҳозланган қурилмалар, шунингдек, турли хилдаги электрошокерлар ўз-ўзини ҳимоя қилиш қуроллари (фуқаролик қуроллари сонига киритилган) ҳисобланади, яъни уларга эга бўлиш учун махсус рухсатнома керак.
Ўзбекистон фуқароси, жинсидан қатъи назар, фуқаролик қуролларини сотиб олиш ва қонун ҳужжатлари доирасида улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга Бавенднинг қўшимча қилишича, ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун фойдаланишга рухсат этилган қуроллар рўйхати қатъий чекланганлигига эътибор бериш лозим. Масалан, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш мақсадида пневматик қуроллардан, айниқса, совуқ ва ўқотар қуроллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
Бундан ташқари, чекловлар нафақат ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун рухсат этилган қурол турларига, балки уларнинг техник хусусиятларига ҳам тегишли.
"Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаролик қуролларини фақат яшаш жойидаги ички ишлар идоралари томонидан бериладиган махсус рухсатнома асосида сотиб олиш мумкин. Ўз-ўзини ҳимоя қилиш қуролларини сотиб олиш учун рухсатнома 18 ёшга тўлган, лаёқатли, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишда иштирок етмаган шахс ва бошқаларга берилиши мумкин. Шуни эътиборга олиш керакки, сотиб олиш учун рухсатноманинг берилиши қуролни олиб юриш ва фойдаланиш учун рухсат дегани эмас. Бу рухсатнома сотиб олинган қуролларни рўйхатдан ўтказгандан сўнг берилади", - деди суҳбатдошимиз.
Анастасия Бавенднинг қўшимча қилишича, ўз-ўзини ҳимоя қилиш қуролларини сотиб олиш фақат ихтисослашган дўконда (тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс) мумкин бўлиб, бу каби дўконларга қонун томонидан бир қатор талаблар қўйилади. Аммо ҳозирги пайтда пойтахтда тегишли рухсатномага эга бирорта ҳам расмий юридик шахс мавжуд эмас.
Изоҳлар мавжуд емас