Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар беришича, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзбек-қирғиз чегарасида юз берган воқеада 25 киши жабрлангани ҳақида маълум қилган.
Эслатиб ўтамизки, 31 май куни Боткен вилоятидаги ўзбек-қирғиз чегарасида можаро юз бериб, одамлар бир-бирларига тош отишган. Можарода Кадамжой туманидаги (Қирғизистон) Чечме қишлоғи ва Сўх анклавидаги (Ўзбекистон) Чашма қишлоғи аҳолиси иштирок этган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида жабрланган 25 киши Айдаркен шаҳар умумий тиббий амалиёт марказига жойлаштирилган. Ҳозирда тўрт нафар жабрланган фуқаро касалхонада, қолганлари эса бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг амбулатор даволаниш учун юборилган.
“Жабрланганлардан икки киши реанимацияга ётқизилган. Операциядан кейинги уларнинг аҳволи шифокорлар томонидан оғир деб баҳоланмоқда. Икки киши жарроҳлик бўлимига ётқизилган бўлиб, аҳволи ўрта даражада оғир”, - дея маълум қилмоқда вазирлик.
Жабрланганлар барча зарур дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминланган. Ҳодиса жойида 2та тез тиббий ёрдам бригадаси навбатчилик қилмоқда. Боткендаги ҳамкасбларига ёрдам бериш учун вилоят соғлиқни сақлаш координатори бошчилигидаги реаниматор ва травматолог юборилган.
Ўз ўрнида Қирғизистон ҳукумати матбуот-хизмати таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий ҳокимиятлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижаларига кўра, икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳудудни биргаликда қўриқлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
"Воқеа юзага келган пайтдан бошлаб Қирғизистон ҳукумати томонидан хавфсизлик чоралари кучайтирилди ва жойлардаги тарангликни бартараф этиш, шунингдек можаронинг авж олишига йўл қўймаслик учун умумий мувофиқлаштирин ҳаракатлари амалга оширилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тегишли кўрсатмалар берилди. Бугун, 1-июнь куни томонлар музокараларни давом эттирадилар",- дея хабар бермоқда Қирғизистон Республикаси ҳукумати.
Шунингдек, ушбу қишлоқлар аҳолиси ўртасида жамоат тартибини сақлаш ва чегаралараро ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни кучайтиришга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий аҳоли можаро жойини тарк этган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати матбуот-хизмати маълум қилишича, чегаранинг кўрсатилган ҳудудидаги вазиятни ҳал қилиш учун икки давлат маҳаллий ҳокимиятларининг масъул раҳбарлари учрашишган. Айни пайтда вазият назорат остига олинган. Можаронинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш учун тегишли чоралар кўрилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас