Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бозорнинг пиёз билан ортиқча тўлмаслигини олдини олиш учун зарурий чоралар кўриш лозимлигини таъкидламоқда. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
2020 йилнинг 14 май ҳолатига кўра, республикада 150 минг тоннадан ортиқ экспортбоп пиёз етиштирилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан бу кўрсаткич 1,5 баробар кўпни ташкил этмоқда. Сурхондарё вилоятининг ўзида 132 минг тоннадан ортиқ пиёз маҳсулоти сотувга тайёр бўлиб, ички бозор талабидан тахминан 20 минг тонна ортиқ маҳсулот тайёрланган. Бундан ташқари 15 минг тоннага яқин пиёзнинг яқин кунларда пишиб етилиши кутилмоқда.
“Бундай ҳолатда маҳсулотнинг таннархи килограмига 1000 сўм бўлишига қарамасдан, ялпи териб олиш нархи килограмига 1500 дан 500 сўмгача пасайиши мумкин. Маҳсулотни зудлик билан экспорт қилиш учун зарурий чоралар кўрилиши талаб этилади”, - дейилмоқда вазирлик хабарида.
Мисол тариқасида бир фермер мисолида пиёз етиштиришнинг тан нархи бўйича ҳисоб-китоблар келтирилган.
Деҳқон Иброҳим Ёқубов ўзининг 25 сотих томорқасида етиштирган 30 тонна пиёз маҳсулоти бозорга чиқариш учун тайёр ҳолатга келган. Аммо, харидорлар – экспортёрлар ва улгуржи сотувчилар томонидан пиёз нархи килограмига 500 сўмга баҳоланган.
Деҳқон кўп миқдорда пиёз етиштириш учун 21 млн сўм харажат қилганлиги, таклиф этилаётган суммада ҳосилни сотган тақдирда 6 млн зарар кўришини, ушбу нарх сарф-харажат ва меҳнатини қопламаслигини маълум қилган.
Ўтган йили Европа қитъасидаги қурғоқчилик юзага келганлиги сабабли юртимизда фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар Польша, Украина, Германия каби давлатларга ушбу маҳсулотни юқори қийматда сотишга муваффақ бўлишганлиги боис, муаммо ўз ечимини топган эди.
Изоҳлар мавжуд емас