Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз маълум қилишича, “Ўзгидромет” кейинги ҳафтада кутилаётган об-ҳаво бўйича хабар бермоқда.
“Бу ҳафтада Ўзбекистонга Эрондан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кириши давом этади. Душанбадан жумагача жанубий оқим кучаяди, яъни иссиқ ҳаво республикамиз ҳудудини қамраб олади”, -деб таъкидлашди синоптиклар.
Ўзбекистон ҳудудининг аксарият қисмида ҳаво вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчиликсиз булутли ҳаво бўлади. Ҳарорат кечаси 17-22 даража атрофида, 20-22 апрелда кундузи 25-30 даража, 23-24 апрелда 27-32 даража, жанубда ва чўл зонасининг айрим жойларида 33-34 даража иссиққача кўтарилиб, бундай ҳарорат шу давр учун хос бўлган меъёрий қийматлардан 6-8 даража юқоридир.
Эслатиб ўтиш жоизки, апрелнинг шу кунлари учун максимал ҳарорат рекордлари 32-34 даражани, жануб ва чўл зоналарида эса 35-37 даражани ташкил қилган.
“Фақат республиканинг шимолий ҳудудларига ҳафтанинг иккинчи ярмида ғарбий Қозоғистондан нисбатан салқин ва кам нам ҳаво оқимининг кириши бошланади. Пайшанба - 23 апрель куни Қорақалпоғистоннинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат пасайиб 24 апрелда кечаси 7-12, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади”, - дея маълум қилмоқда “Ўзгидромет”.
Изоҳлар мавжуд емас