Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги коронавирусни даволаш учун қўлланиладиган дори-дармонлар нархларнинг оширилишига қарши қандай курашмоқчи эканлиги хусусида айтиб берди. Мухбиримиз берган хабарга кўра, асосий дорилар рўйхатига 40 га яқин препаратлар киритилган.
15 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев Тошкентда тестлар ва зарур дори-дармонлар йўқлиги, дорихоналарда нархлар ошириб юборилгани учун масъул идораларни танқид қилганидан сўнг, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вгентлиги бу борада қилинган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Савдо, умумий овқатланиш ва туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Павел Магайнинг сўзларига кўра, Агентлик томонидан февраль ойидан бошлаб дори-дармонлар ва тиббий буюмларнинг чакана нархлари бўйича кунлик мониторинги олиб борилмоқда.
Февралдан апрелгача ушбу рўйхатга 20дан ортиқ бандлар киритилган бўлиб, олинган маълумотлар Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа ваколатли идораларга юборилган.
Павел Магайнинг таъкидлашича, ташкил этилганининг дастлабки кунларидан бошлаб агентлик дори-дармонлар нархларининг оширилганлиги тўғрисидаги фуқаролар шикоятларини кўриб чиқиб, рухсат этилган савдо устамасининг ошиб кетишини (улгуржи компаниялар учун 15%, дорихоналар учун 20%) аниқлаш учун дорихоналар ва улгуржи компаниялардан зарурий маълумотларни сўраб олмоқда.
Шунга қарамай, ҳозирги пайтда республикада касалланишнинг кескин ўсиши, шунингдек дорихоналарда айрим дориларнинг самарадорлиги тўғрисида ёлғон маълумотларнинг тарқалиши туфайли дорилар танқислиги ва сунъий равишда нархлар оширилиши кузатилмоқда.
Президент топшириғига кўра, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархларининг ўсишини сақлаб турувчи механизм жорий этилмоқда. Мазкур масала билан ҳар-бир вилоятда ва пойтахтда тузилган ишчи гуруҳлар шуғулланишмоқда.
Ишчи гуруҳлар таркибига Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитанинг ҳудудий бошқармалари, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва бошқа идоралар ходимлари киритилган.
Биринчи босқичда улар дорихоналар билан профилактика ишларини олиб бориб, COVID-19ни даволашда ишлатиладиган асосий дориларга қўшилган қиймат занжирининг шаклланиши тўғрисида маълумот тўплашади. Мазкур рўхатга 40га яқин дорилар киритилган.
Ишчи гуруҳлар улгуржи компаниялар ва дорихоналар омборларидаги дори-дармон заҳираси келгуси ойлар учун талабни тўлиқ қондира олишини аниқлайдилар.
Дори-дармонлар нархини сунъий равишда ошириб юборган, шунингдек солиқ қонунчилигини бузган ҳолда уларни харид қилиш ва сотиш билан шуғулланган шахсларга нисбатан Жиноий ва маъмурий кодексларга мувофиқ тегишли чоралар қўлланилади.
COVID-19ни даволашда ишлатиладиган асосий дори-дармонларнинг ҳақиқий таннархини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу маълумотлар рухсат этилган энг юқори чакана нархларни белгилаш имконини яратади.
Изоҳлар мавжуд емас