Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кўп қаватли уйларнинг юк кўтарувчи девор ва конструкцияларини ўзбошимчалик билан бузиш ёки уларга шикаст етказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги назорат инспекцияси эслатди.
Қайд этилишича, айрим мулкдорлар хона майдонини кенгайтириш мақсадида таянч деворларни бузиш ёки темир-бетон плиталарни тешиб ертўлага йўл очиш ҳолатларига йўл қўймоқда. Бу эса биноларнинг юк кўтарувчи конструкцияларига жиддий зарар етказиб, уларнинг сейсмик барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади ҳамда уйда яшовчилар ҳаётини хавф остига қўяди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бундай қоидабузарликлар учун жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари, мансабдор шахсларга эса 100 баробари миқдорида маъмурий жарима қўлланилади. Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазодан кейин бир йил ичида такрорланса, Жиноят кодексининг 229³-моддасига асосан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2–3 йилгача озодликни чеклаш ёки 2–3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Инспекция маълум қилишича, бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида кучайтирилган назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Фуқаролар ушбу каби ҳолатларга дуч келган тақдирда, инспекциянинг 71-200-69-02 рақамли колл-марказига мурожаат қилишлари мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас