Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Улар орасида пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал суғурта стажини амалдаги 7 йилдан босқичма-босқич 15 йилгача ошириш ҳамда пенсия миқдорини сўнгги 20 йилдаги расмий даромад асосида ҳисоблаш тизимига ўтиш таклифи бор.
Институт маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда 4 миллиондан ортиқ фуқаро пенсия олади. 2026 йилда Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан 23 триллион сўм тўғридан-тўғри ва 12 триллион сўм билвосита молиявий ёрдам ажратилмоқда. Шу билан бирга, жамғарманинг ўз даромадлари пенсия тўловларини тўлиқ қоплашга етарли эмаслиги таъкидланган.
Шунингдек, суғурта бадаллари тўланмайдиган айрим даврлар учун пенсия харажатларини Пенсия жамғармаси эмас, балки давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш, расмий бандликни кенгайтириш ва меҳнат муносабатларини легаллаштириш чораларини кучайтириш таклиф қилинган.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, қўшимча 1 миллион нафар фуқарони расмий бандликка жалб қилиш орқали давлат бюджетига йилига 3 триллион сўмгача қўшимча тушум таъминлаш мумкин. Бу маблағ эвазига ҳар бири 480 ўринли қарийб 100 та мактаб қуриш имконияти пайдо бўлиши қайд этилган
Олдинроқ Фискал таҳлиллар институти жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларини 5 фоизлик солиққа тортишни таклиф қилганди.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, бу давлат бюджетига йилига қўшимча 1,4 триллион сўм тушум келтириши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас