Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эрон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Саййид Мажид Ибн Ризо Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер билан телефон мулоқотида мусулмон давлатлари иштирокида минтақавий хавфсизлик механизмини яратиш таклифини илгари сурди.
Унинг таъкидлашича, сўнгги ҳарбий можаро минтақа хавфсизлигини ташқи кучлар эмас, балки минтақанинг ўзидаги давлатлар таъминлаши кераклигини яна бир бор кўрсатган. Шу муносабат билан Эрон, Туркия, Покистон, Саудия Арабистони, Миср ва бошқа мусулмон мамлакатларини қамраб олувчи хавфсизлик иттифоқини ташкил этиш таклиф қилинган.
Эрон вакиллари АҚШ билан ўт очишни тўхтатиш бўйича меморандум минтақа барқарорлигини тиклаш мақсадида ва дўст ҳамда қўшни давлатлар илтимосига кўра имзоланганини билдирган. Шу билан бирга, Вашингтоннинг аввалги ваъдаларга амал қилмаганини эслатиб, Эрон АҚШга ишонмаслиги ва қуролли кучлари эҳтимолий келишув бузилишига жавоб беришга тайёрлигини маълум қилган.
Мулоқот давомида Эрон томони Исроилнинг Ғазо, Ливан, Сурия ва Эрондаги ҳаракатларини қоралаб, АҚШнинг қўллаб-қувватлаши можарони узайтираётганини таъкидлаган. Шунингдек, Ҳизбуллоҳга қарши янги фронт очиш ҳақидаги баёнотлар ва Сурия ҳамда Ливанда хавфсизлик ҳудудлари ташкил этиш режалари минтақадаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкинлиги қайд этилган.
Яшар Гулер эса Эронда ҳалок бўлганлар муносабати билан ҳамдардлик билдириб, ўт очишни тўхтатиш бўйича меморандумнинг тўлиқ амалга оширилиши ва дипломатик мулоқотлар давом этишини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. У Туркия қўшни давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши, шунингдек, терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлиги ва бошқа минтақавий масалалар бўйича Эрон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.
Бундан олдин Ўмон Эронга Ҳурмуз бўғозида кема қатновини биргаликда бошқариш режасини тақдим этганди.

Изоҳлар мавжуд емас