Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 9 қаватли турар жой ёнида меҳмонхона қурилиши учун қазилган котлованнинг ўпирилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.
Ҳодиса 2 август куни Орзу массивидаги қурилиш объектида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, котлован қазиш ишлари вақтида пудрат ташкилотининг эҳтиётсизлиги оқибатида ер ўпирилган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда электр кабели шикастланиб, ёнғин чиққанини ҳамда ишчилар орасида жабрланганлар борлиги акс этганди.
Пойтахт ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро жароҳат олган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозирда шифохонада даволанмоқда.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, масъул МЧЖ мансабдор шахслари ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192¹¹-моддаси (нодавлат ташкилотида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)да назарда тутилган жиноят аломатлари аниқлангани сабабли жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги текширув якунлари бўйича масъулларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши, шаҳарсозлик қонунчилиги ва қурилиш меъёрларини бузган барча шахслар қонун доирасида жавобгарликка тортилишини маълум қилган.

Изоҳлар мавжуд емас