Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Коронавирус пандемияси кичик бизнес учун жиддий синовга айланди. Ўзбекистонда карантин даврида 198 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор вақтинча фаолиятини тўхтатган, бу эса рўйхатдан ўтганларнинг деярли 80 фоизини (247 мингдан ортиқ) ташкил этади.
Ходимларнинг аксарияти аёллардан ташкил топган хизмат кўрсатиш соҳаси учун бу давр айниқса мураккаб бўлди. Уларнинг аксарияти чорасиз қолди. Ҳатто ҳозир ҳам - карантин чораларини юмшатиш шароитида уларнинг фаолияти нима бўлишини олдиндан башорат қилиш қийин. Зеро, мажбурий ўзини-ўзи яккалаш истеъмолчининг чўнтагига жиддий таъсир кўрсатди.
Еvent агентлиги ва Global event декор-студиясининг эгаси бўлган тошкентлик тадбиркор жорий йилнинг март ойида стрессга учраб, натижада икки ҳафта тушкунликка тушган. Бироқ, бизнеси бутунлай қулаганига қарамай, Татьяна Орехова ўзини қўлга олган ва том маънода бошқаларнинг ҳаётини гулга айлантиришга муваффақ бўлган. У узоқ ўйламай, флористика бўйича онлайн курс сотиб олган. Бу эса унга Интернет орқали оригинал муаллифлик гулдасталар сотишга имкон берган.
Ушбу воқеа шу билан ҳайратланарлики, жорий йилнинг баҳорида гуллар савдоси бутун дунёда катта йўқотишларга дуч келган. Одамларга пандемия пайтида гуллар нега керак, деб ўйлаб қолиш мумкин. Аммо Татьяна нафақат мавжуд стереотипларни бузмоқда, балки янги имкониятларни ҳам кашф этди.
"Икки ойлик фаолиятимиз давомида бизга нафақат Тошкентдан, балки дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларидан ҳам буюртмалар келиб тушди. Одамлар бир-бирларидан узоқда бўла туриб, қандайдир илиқлик изҳор қилишни хоҳлашди. Ўзини-ўзи яккалаш шароитида бир-бировларини севган кишилар нималар ёзишни илтимос қилишлари ва кўрсатилган хизмат учун миннадорчиликларини кўриб кўзларимга ёшлар айланди. Мен анчадан буён мижозларимдан бундай ҳис-туйғуларни кўрмаганман", - деди Татьяна.
Тадбиркор хоним уй яқинидаги бозорда сотиб олинган биринчи гулдастани ижтимоий тармоқлардаги дўстларига сотган. Кейинчалик гул дўконлари эгаларининг барчаси ҳам Интернет билан "дўст" эмаслиги маълум бўлди. Аммо айнан виртуал воқелик туфайли таъминотчи ва харидорларни топиш мумкин бўлган.
Такси хизматларининг айримлари фаолият юритмаганлиги боис етказиб бериш ҳам осон кечмаган. Аммо бу борада ҳам ечим топилган.
Дастлаб ва айни кунга қадар Татьяна композицияларни антисептиклар ва бир марта ишлатиладиган қўлқоплардан фойдаланган ҳолда тайёрлаб келмоқда. Бундан ташқари, у доимий равишда амалга оширилган ишлари, шу жумладан гулдасталарни топшириш онлари ҳақида ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида ҳисоботларни жойлаштириб келмоқда.
"Гул етказиб берувчиларнинг алоқа маълумотларини кам-кам йиғиб бордим. Мен ҳозир жуда кўп миқдорда гуллар ўстириладиган шаҳардаги энг катта иссиқхонанинг эгалари билан ишламоқдаман. Бундан ташқари, бу ерда барча санитария меъёрларига риоя қилиниб, кириш жойида зарарсизлантириш ва ҳароратни ўлчаш ишлари олиб борилади. Бизнинг офисимизда ҳам шу қоидаларга амал қилинади. Биздан бошқа ҳеч ким у ерга кирмайди, биз ҳамма нарсага талаб қилинганидек қайта ишлов берамиз",- дея таъкидлади тадбиркор.
Facebook орқали биринчи гулдастани сотгандан сўнг Татьянага дарҳол кичкина иссиқхона эгаси хабар ёзган. У нобуд бўлган гулларни бепул олиб кетиб, аёлларга тарқатишни таклиф қилган. Татьяна бунга розилик билдирган ва янги композицияларини етказиб бериш тўғрисида келишиб олган.
Татьянанинг флористик қизиқиши оилавий бизнесга айланган. Турмуш ўртоғи Дамир гулдасталар учун қадоқ ишлаб чиқаришни бошлаган. Бу борада шахсий декорация студиясидаги заҳиралар ёрдам берган.
"Мен бу бизнесни қутқарув чораси сифатида қабул қиламан. Аммо мен буни кенг миқёсда кўриб чиқиш мумкинлигини тушуниб етяпман. Флористикани хусусий чакана савдосига киритиш билан чекиниб қолмасдан, тадбирлар қайта тикланиши заҳоти биз тирик гуллардан фойдаланишимиз мумкин бўлади. Беш йилдан ортиқ фаолиятимиз давомида декор студиямизда фақат сунъий гуллар билан ишлади”, - деди тадбиркор.
Энди янги оилавий бизнес барча тўлов тизимлари уланган онлайн-дўкон очилишидан бир неча қадамда турибди. Тадбиркорларнинг айтишича, бу ишларни анча осонлаштиради ва иш жараёнларини автоматлаштиради.
"Тантаналарни ташкиллаштириш ва безаш бўйича менинг асосий бизнесимда бир оз танаффус бўляпти. Аммо биз қишки тадбирлар, жумладан 2021 йилга мўлжалланган тадбирлар бўйича сўровларни кўриб чиқмоқдамиз. Пандемиянинг тугашини умид билан кутмоқдамиз", - деб якунлади Татьяна.
Batafsil.uz таҳририяти бугунги кунда бизнес дуч келаётган қийинчиликлар ва пандемия муаммоларига улар қандай жавоб бераётганликлари ҳақидаги нашрларни давом эттиради.
Изоҳлар мавжуд емас