Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Гаити пойтахти Порт-о-Пренс яқинидаги Кенскофф ҳудудида қуролли тўдаларнинг тунги ҳужуми оқибатида камида 47 киши ҳалок бўлди, яна 22 киши оғир жароҳат олди. БМТ томонидан тасдиқланган ушбу фожиа ҳудудда хавфсизлик инқирози тобора чуқурлашиб бораётганини кўрсатмоқда.
Хорижий хабарларга кўра, қурбонлар сони ҳали ортиши мумкин. Маҳаллий вақт билан соат 22:30 атрофида бошланган ҳужум ҳақида Гаитининг RNDDH ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти ҳам ахборот бериб, ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ва жароҳатланганини билдирган.
Ҳукумат ушбу ҳужумни "жирканч жиноят" деб атаб, хавфсизлик чораларини кучайтиришга ваъда берган. Бироқ полиция ходимлари қурбонларни ҳимоя қила олмагани маҳаллий аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда ва улар ҳудудий полиция раҳбарининг истеъфосини талаб қилмоқда.
Пойтахтга ва элчихоналар ҳамда вақтинчалик ҳукумат қароргоҳи жойлашган Петьон-Вильга олиб борувчи йўллар яқинида жойлашган Кенскофф ҳудуди ўтган йилдан бери мунтазам равишда тўдалар ҳужумига учраб келади. Манбаларга кўра, 2025 йил бошида икки ой давомида содир бўлган ҳужумларда 260 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 200 та уй вайрон қилинган ва минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган эди.
Мамлакатда зўравонлик ва одам ўғирлаш ҳолатларининг кескин кучайиши декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловларини ҳам хавф остига қўймоқда. Бу Гаитида қарийб ўн йил ичидаги биринчи сайлов бўлиши кутилмоқда. Вазиятни назоратга олиш мақсадида БМТ кўмагида ташкил этилган Бандаларга қарши курашиш кучлари контингентини кузга қадар 5,5 мингдан ортиқ ҳарбийга етказиш ва уларни маҳаллий полицияга кўмак бериш учун жўнатиш режалаштирилган.
Аввалроқ Филиппиннинг жанубидаги Замбоанга шаҳрида жойлашган Атенео де Замбоанга университети кампусидаги ўрта мактабда содир бўлган отишма оқибатида 4 киши ҳалок бўлди ва 9 киши жароҳатланганди.

Изоҳлар мавжуд емас