Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда охирги йилларда тўлиқ иш стажига эга бўлмаган ҳолда пенсияга чиқаётган фуқаролар сони кескин кўпаймоқда. Бунинг асосий сабаблари сифатида норасмий бандлик ва ижтимоий солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари кўрсатилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка асосан, тўлиқ ёшга доир пенсия олиш учун эркаклардан 25 йил, аёллардан эса 20 йиллик расмий меҳнат стажи талаб этилади. Агар фуқаронинг меҳнат стажи бу меъёрга етмаса, унга мавжуд стаж даврига мутаносиб равишда тўлиқ бўлмаган миқдорда пенсия тайинланади.
Расмий статистикага кўра, 2010 йилда янги нафақага чиққанлар орасида тўлиқ стажга эга бўлмаганлар улуши атиги 6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 61 фоизга етган. Бугунги кунда ҳар уч нафар янги пенсионердан иккитаси етарли иш стажисиз нафақага ажратилмоқда. Натижада умумий пенсионерлар таркибида тўлиқ бўлмаган стаж билан пенсия олувчилар улуши 3 фоиздан 39 фоизгача ошган, пенсионерларнинг 47 фоизи эса 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача бўлган энг кам миқдордаги тўловларни олмоқда.
Мутахассислар ушбу салбий динамикага бир нечта асосий омиллар таъсир қилаётганини таъкидлайди. Улар орасида фуқароларнинг норасмий секторда меҳнат қилиши, маошларни "конверт"да олиши, ижтимоий солиқ тўламаслиги ва меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларнинг архивга топширилмагани асосий ўрин тутган. Мутасаддилар келажакдаги пенсия миқдори бевосита бугунги расмий иш стажи ва тўланадиган солиқларга боғлиқ эканини эслатиб ўтмоқда.
Аввалроқ 2026 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳузурида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолаганди.

Изоҳлар мавжуд емас