Келгуси йилда  Ўзбекистонда Герцен  университетининг  филиали очилади
Жамият

Келгуси йилда Ўзбекистонда Герцен университетининг филиали очилади

592

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Кейинги ўқув йилида Герцен университети Ўзбекистонда ўз филиалини очади. Унда мактабгача таълим, коррекцион педагогика, психология ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Бу тўғрисида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.

Тегишли келишув 21 январь куни Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Узоқбой Бегимқулов ва А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ректори Сергей Богданов томонидан имзоланди.

Келишувни тузишда Россия Федерацияси Президенти Администрациясининг чет давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар департаменти бошлиғи Алексей Власов ва Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим соҳасидаги сиёсатни шакллантириш ва ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Шахноза Мирзиёева иштирок этишди.

А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети матбуот хизмати хабар қилишича, филиални замонавий ўқув, лаборатория ва илмий жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек кутубхона фондини шакллантириш Россиянинг мазкур ОТМ ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, университет психология, коррекцион педагогика ва мактабгача таълим соҳасида жаҳон даражасидаги фундаментал, амалий-илмий ва инновацион тадқиқотларнинг олиб борилишини таъминлайди.

Герцен университетининг филиал битирувчиларига бериладиган битирув дипломлари Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисида ҳужжат сифатида тан олинади.

Санкт-Петербургдаги А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети 1797 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда у Россиянинг энг йирик университети саналиб, 20 дан ортиқ факультет ва 100 та кафедрадан иборат.

Университетда 30 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича таълим берилиб, айрим факультетлар Россияда ноёб ҳисобланади. Кундузги, сиртқи ва кечки бўлимларда 20 мингга яқин талаба ва аспирант таҳсил олмоқда.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...