Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ижтимоий тармоқларда ота-оналар ва мактаб ўқитувчиларига сотиб олиш учун таклиф қилинаётган санитария-гигиена маҳсулотлари рўйхати пайдо бўлди. Халқ таълими вазирлиги мактабларга антисептик воситалари учун маблағ ҳокимликлари томонидан ажратилиши лозимлигини таъкидлаб, ўқитувчиларга бундай талаблар қўйилган тақдирда ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишни тавсия берди. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
ХТВ маълумотларига кўра, мактабларнинг санитария хавфсизлигини таъминлаш масалалари ўқув йилига тайёргарлик кўриш бўйича Президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида кўтарилган.
Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирликларга мактаблар учун пирометр ва дозаторлар сотиб олиш, шунингдек, уларни ҳудудларга етказиб беришни топширди. Мактабларни дезинфекцияловчи ва антисептиклар билан таъминлаш учун вилоят хокимликлари ва ҳомий ташкилотлар масъулдирлар.
Шунингдек, вазирликнинг таъкидлашича, Президентнинг "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, тегишли ҳудуддаги халқ таълими муассасаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий ҳокимликлар масъул этиб белгиланган.
Вазирлик маълумотларига кўра, мактабларда таълим жараёнини ташкил этишда фойдаланилаётган бирорта ҳам дезинфекцияловчи воситалар ўқитувчилар томонидан сотиб олинмаяпти. Пирометрлар, дезинфекцияловчи воситалар ва антисептиклар марказлашган ҳолда мактабларга етказиб берилади.
Ота-оналар ўз фарзандларини фақат тиббий ниқоблар ва шахсий гигиена учун антисептик воситалари билан таъминлашлари лозим.
Мактаб маъмурияти томонидан антисептик воситаларини сотиб олиш учун пул тўлаш таклиф қилинган ҳолларда вазирлик ўқитувчилардан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишни сўради.
Изоҳлар мавжуд емас