Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) мактабларда “Сўнгги қўнғироқ”ни ўтказишнинг янги қоидаларини ишлаб чиққан. Ўқувчиларга зиёфатлар ва банкетлардан воз кечиш, ўқитувчилар ва директорга совғалар бермаслик, мактаб ҳудудидаги 45 дақиқалик тадбир билан чекланиш тавсия қилинган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Сўнгги қўнғироқ”ни ўтказиш бўйича янги тавсиялар мактаблар орасида тарқатилган. Улар орасида қуйидагилар мавжуд:
-
тадбирлар мактаб ҳовлиси боғида ёки соя салқин очиқ майдонларида ўтказилади. Мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг киритилмаслиги назоратга олинади;
-
мазкур тадбирлар соат 8:00 дан 8:45 га қадар, тавсия этилган сценарий асосида ташкил этилади. Унда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланиб, рағбатлантирилади;
-
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ташкиллаштиришда ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимлари қатъиян таъқиқланган;
-
умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга битирувчилар томонидан турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.қ.да банкет ёки бошқа маросимлар) ўтказиш ва енгил автомашиналарда сайр ташкил этишни олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш сўралган.
Юқорида келтириб ўтилган тавсияларга амал қилиниши устидан назорат олиб бориш мактабларнинг “Кузатув кенгаши”га топширилган.
Изоҳлар мавжуд емас