Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Коронавирусга қарши Хитой-Ўзбекистоннинг ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси Американинг Moderna вакцинасига кўра Британия ва Жанубий Африка штаммларига қарши олти баравар самарали бўлиб чиқди. Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шахло Турдиқуловага асосланиб Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
"Хитойлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда ZF-UZ-VAC 2001 бренди остида коронавирусга қарши дунёдаги энг самарали ва хавфсиз вакциналаридан бирини яратдик. Бу мамлакатимиз илм-фанининг улкан ютуғи бўлиб, ўз вакциналарини яратишга муваффақ бўлган саноқли мамлакатлар қаторига кира олдик. Ушбу вакцина жуда жиддий клиник синовлардан ўтди. Барча ишлар қатъий стандартлар асосида, халқаро талабларга мувофиқ амалга оширилди. Ҳозирда вакцина ЖССТ томонидан қайта рўйхатдан ўтказилмоқда", - деди у “Ўзбекистон 24” телеканали эфири давомида.
Унинг сўзларига кўра, хитойлик мутахассислар гуруҳи ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга келиб, маҳаллий олимлар ва шифокорлар билан биргаликда дастлабки эмлашни ўтказмоқда.
"Яқинда эмланган одамларнинг саломатлик ҳолатини доимий кузатиб бориш мақсадида call-марказни ишга туширдик. Оммавий эмлаш жараёнида одамлар ушбу call-марказга мурожаат қилиши мумкин. Хитойда ўтказилган эмлашнинг биринчи ва иккинчи босқичлари натижаларига кўра, шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилган 7 минг кишини ўрганиш давомида эмлаш хавфсизлиги 99% дан ошгани ҳақидаги маълумотлар олинган", - деди у.
Турдиқулованинг қўшимча қилишича, ушбу вакцинадан ножўя таъсирлар деярли кузатилмаган. Агар вакцинанинг самарадорлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг иммуногенлиги 97 фоизни ташкил қилган, иккинчи дозадан кейин антитаначалар ишлаб чиқариш даражаси эса 11 маротаба ошган.
"Сўнгги тадқиқотлар вакцинанинг Британия ва Жанубий Африка штаммларига қарши жуда юқори таъсирини кўрсатди. Moderna (АҚШ) вакцинасига нисбатан у 6 баробар кучлироқ. Бундан ташқари, муҳим афзалликлардан бири - бу вакцинани оддий музлатгичда, яъни 8 даражагача сақлаш ва ташиш мумкин",- деди у.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас