Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Хитойлик инвесторлар Самаркандда йирик сайёҳлик мажмусини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқчи. Бу ҳақида Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига ҳавола қилган ҳолда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Куни кеча вилоят марказида Хитой делегациясининг вилоят раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди. Делегация йирик тадбиркорлар, амалдорлар ва туркомпания вакилларидан таркиб топган.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан ўтган учрашувда хитойлик меҳмонлар Самаркандда амалга оширилиши режалаштирилган Буюк ипак йўли бўйлаб Карвон-сарой лойиҳасини тақдим этишди.
Лойиҳа икки қисмдан иборатдир. Биринчиси – сайёҳлик мажмуаси (мехмонхона, ресторанлар, савдо мажмуалари, Ипак йўли халқлари маданиятини намойиш қилиш учун майдончалар) бўлиб, иккинчиси электрон коммерция платформасидан ташкил топади. Бундан бизнесни рағбатлантириш, электрон коммерциянинг етакчи технологияларини тадбиқ этиш, маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришдан иборат.
“Лойиҳаймиз маҳаллий маданият ва урф-одатларни намоён қилишга қаратилган бўлиб, Хитойнинг Сиань шаҳридан Италиянинг Рим шаҳригача бўлган масофада 100 га яқин катта сайёҳлик мажмуалар қурилишини назарда тутади. Ўзбекистон биз учун бошланғич нуқта ҳисобланиб, илк лойиҳамиз ҳам шу ерда амалга оширилади”, -деб айтди Хитойнинг CILKPORTEL компанияси бош директори Ван Сяоюнь.
Дастлабки баҳолашларга кўра, биргина Ўзбекистон шаҳарларида “Ипак йўли” Карвон-саройлари лойиҳаси бўйича тўғридан - тўғри инвестициялар ҳажми 200 миллион доллардан ошади. Хитойликлар мазкур лойиҳани мамлакатимизнинг тўртта шаҳарларида амалга оширишмоқчи.
Изоҳлар мавжуд емас