Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз маълум қилишича, Хитойнинг Anhui ZhifeiLongcom компанияси Ўзбекистонда коронавирусдан ўз вакцинасини синаб кўришга тайёр.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Халқаро фан ташкилотлари Альянси ижрочи директори Чингуа Као ҳамда Хитойнинг Фанлар Академияси, “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида маълум бўлди.
Музокара давомида Хитой Фанлар Академияси микробиология институти ва “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” томонидан ишлаб чиқарилаётган COVID-19 вирусига қарши вакцина синовларини амалга оширишда ҳамкорликни олиб бориш масалалари муҳокама этилди.
Вакцина рекомбинант оқсил технологиясига асосан коронавируснинг рецептор боғловчи оқсили домени бўлагини икки марта такрорлаш натижасида яратилган ва Хитойда унинг клиник синовлардан ўтказишнинг иккинчи босқичи якунланган. Рецептор боғловчи домен барча турдаги короновирусларда ўхшаш бўлгани учун бу вакцина MERS, SARS ва COVID-19 вируслари учун универсал таъсирга эга.
Вакцина Хитой Давлат фармакопиясининг талабларига қатъий мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилган ва хавфсизликнинг юқори даражаси билан ажралиб туради. Янги вакцинани олиш технологияси Хитойлик олимлар гуруҳи томонидан 2020 йил 6 августда нуфузли “Cell” журналида чоп этилган.
Ушбу вакцина клиник тадқиқотлар учун Хитой Миллий тиббиёт маҳсулотлар администрацияси томонидан жорий йил 20 июнида тасдиқланган ва жаҳонда коронавирус инфекциясига қарши учинчи вакцина ҳисобланади.
Инсонлар ўртасида биринчи ва иккинчи фаза синов вакцинацияси муваффақиятли ўтказилган ва иккинчи-фаза синовларининг якунланиши октябрь ойида бўлиши кутилмоқда. Янги вакцина учун клиник синовнинг учинчи фазаси 2020 йилнинг тўртинчи чорагида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Хитойликларнинг айтишича, клиник синовларнинг учинчи босқичи бир қатор мамлакатларда параллель равишда ўтказилиши режалаштирилиб, Ўзбекистонда ҳам кўнгиллилар ўртасида ушбу синов жараёнларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш истаги мавжуд. Шунингдек, вакцина синовларининг 3-босқичини Узоқ Шарқ ва Араб мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам ўтказиш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган.
Агар вакцина синовлардан муваффақиятли ўтса, синов натижалари асосида ушбу вакцинани Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларида фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, томонлар ўртасида синов ўтказиш бўйича молиявий харажатлар ва синов жараёнларининг муддатлари кўриб чиқилган.
Музокаралар натижаларига кўра, Ўзбекистон томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази илмий-тадқиқот марказларида тест синовларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилишига келишилган.
Хитой томони 3-фаза синовларини ўтказишда ҳам методик ҳам молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирган. Учрашув сўнгида Ўзбекистон томонидан хитойлик ҳамкорларнинг таклифлари кўриб чиқилиб, якуний хулоса берилишига келишиб олинган.
Изоҳлар мавжуд емас