Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Хивада ўтказилган "Қовун сайли" фестивалида 259 киши бир вақтнинг ўзида 10 дан ортиқ қовун навини татиб кўриб, "Энг катта қовун дегустацияси" бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Guinness World Records рекордни 9 август куни расман қайд этди.
7–9 август кунлари "Ичан қалъа" ва "Арда Хива" мажмуаларида ўтказилган фестивалга жами 186 минг киши ташриф буюрган. Улардан 150 минг нафари маҳаллий, 36 минг нафари хорижий сайёҳлар бўлган.
Рекордни тасдиқлаш жараёнида Guinness World Records расмий ҳаками, ташкилотнинг Туркия ва Марказий Осиё бўйича вакили Шейда Субаши Гемижи иштирок этган.
Фестиваль давомида Хоразм вилояти туманлари, фермер хўжаликлари ва бошқа иштирокчилар қовуннинг ўнлаб навлари, шунингдек, ҳудудда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқларини намойиш қилган.
Фестиваль якунида Янгиариқ тумани ҳокимлиги биринчи ўринни, Хоразм вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси иккинчи ўринни эгаллаган. Урганч давлат университети, "UzAuto"нинг Хоразм филиали ва Автомобиль йўллари қўмитасининг Хоразм вилояти бошқармаси учинчи ўринга муносиб кўрилган. Бош соврин Хива шаҳар ҳокимлигига берилган.
Туризм қўмитаси фестиваль Хоразмнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш, агротуризмни ривожлантириш ва ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини оширишга хизмат қилганини таъкидлаган.
Бундан ташқари шу йилда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам "Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи" сифатида эътироф этилганди. Шу сабабли у расман Guinness World Records сертификатига лойиқ кўрилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас