Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент ҳокимлиги тизимида муқаддам жиноят содир этган икки нафар ходим ишдан бўшатилди. Яна бир ходим ротация доирасида бошқа лавозимга ўтказилди.
Қарорлар Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра қабул қилинди. Мутахассислар илгари жиноят содир этган жами 29 нафар ходим тўғрисидаги маълумотларни ўрганишди.
Уларнинг 6 нафари туман ҳокимликларида, яна 23 нафари ҳокимлик тизимидаги ташкилотларда фаолият юритмоқда. Қолганлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг раҳбарларига ходимлар иши устидан назоратни кучайтириш ва уларни ротация қилиш масаласини кўриб чиқиш топширилди.
Бундан ташқари, хизмат томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ҳокимлик тизимидаги 1 353 нафар ходим тўғрисидаги маълумотлар ўрганилди. Улар ҳақидаги маълумотлар тушунтириш ишларини олиб бориш учун бевосита раҳбарларга етказилди.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, ички назорат нафақат қонунбузарликларни аниқлаш, балки коррупциявий хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг маҳаллий фуқаронинг уйига кириб, уй ва унинг атрофидаги ҳудуднинг ҳолати учун унга танбеҳ бергани акс этган видео тарқалгач, унга нисбатан хизмат текшируви ўтказишни талаб қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас