Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Хорижда яшовчи ёки сафар қилиб юрган Ўзбекистон фуқаролари учун консуллик хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имконини берувчи расмий мобил илова ишга туширилди.
Янги иловада Ўзбекистоннинг хориждаги барча дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳақидаги ягона маълумотлар базаси жамланган. Фойдаланувчилар элчихона ва консулликларнинг манзили, алоқа рақамлари ҳамда жойлашуви ҳақидаги маълумотларни тезкор олишлари мумкин.
Дастлабки босқичда илова орқали Ўзбекистонга қайтиш сертификатини расмийлаштириш, шунингдек вақтинчалик ва доимий консуллик рўйхатидан ўтиш хизматлари кўрсатилади. Келгусида электрон хизматлар турини янада кенгайтириш режалаштирилган.
Платформада анкета ва аризаларни автоматик тўлдириш тизими ҳам жорий этилган бўлиб, маълумотларнинг қарийб 80 фоизи автоматик шакллантирилади. Бу эса ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириб, фуқароларга қулайлик яратади.
Шунингдек, мобил иловада хорижий давлатларнинг виза талаблари бўйича ахборот бўлими ҳам мавжуд. Айни пайтда мазкур хизмат синов режимида ишлаб, маълумотлар базаси босқичма-босқич тўлдириб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас