Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Сенати аҳолини зарарли шовқин таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган қонунни маъқуллади.
Сенаторлар таъкидлашича, ҳозирга қадар мамлакатда шовқин билан боғлиқ муносабатларни комплекс тарзда тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди. Янги қонун мазкур соҳадаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳужжатда аҳолини зарарли шовқин таъсиридан муҳофаза қилишнинг умумий қоидалари, давлат органларининг ваколатлари ҳамда шовқин таъсирини камайтириш чоралари белгиланган.
Шунингдек, фуқароларнинг тинчлиги ва дам олиш ҳуқуқини бузувчи товушларга доир меъёрлар, бундай ҳолатларга йўл қўйилмайдиган вақт оралиқлари ҳамда белгиланган меъёрлар бузилганда компенсация тўлаш тартиби назарда тутилган.
Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мазкур соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб берилган.
Сенат томонидан маъқулланган қонун энди имзолаш учун Президентга юборилади.

Изоҳлар мавжуд емас