Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ХТВнинг таъкидлашича, журналистлар ўсмирлар орасидаги ўз жонига қасд қилиш ва ҳомиладорлик ҳақида ёзмаслиги керак. Вазирликнинг фикрига кўра, ОАВда салбий ҳолатларнинг кенг тарғиб қилиниши ўсмирларга салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқлардаги блогерлар каналларида ёшлар орасида салбий вазиятни акс эттирадиган ва натижада уларнинг онги ва психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган маълумотлар пайдо бўлмоқда. Албатта, биз жамиятда кенг кўламли демократик ислоҳотлар кечаётган бир пайтда сўз эркинлигини чеклашга чақирмаймиз. Аммо шундай жараёнлар борки, уларнинг ёритилиши ёшлар ва ўсмирларга салбий таъсир кўрсатади", - дея таъкидланмоқда ХТВ баёнотида.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, айрим психологлар вояга етмаган мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган ўз жонига қасд қилиш, эрта туғиш ва ҳомиладорлик каби ҳолатларнинг кенг ёритилиши ўсмирлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини илмий жиҳатдан исботлаган.
"Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир ҳамкор ташкилотнинг биргаликдаги фаолиятини кўриб чиқиш, жазолаш ўрнига болаларни тарбиялашда ҳар биримизнинг масъулиятимизни ошириш, болаларни тушунишни ўрганиш, уларга эътибор бериш, ғамхўрлик ва муҳаббат кўрсатиш керак. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ота-оналар масъулиятини ошириш учун бундай ҳолларда ҳаракат тамойилларини қайта кўриб чиқишимиз лозим", - дея қайд этди вазирлик.
"Шу муносабат билан болалар онгига салбий таъсир кўрсатувчи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда юқорида қайд этилган ҳолатларнинг кенг ёритилишига йўл қўймаслик тавсия этилади",-дея қайд этмоқда вазирлик.
Вазирликдан сўрамоқчи эдик, мустақилликнинг ўтган даври мобайнида бу каби ҳолатлар яширилган ва ОАВ эътиборига тушмаган пайтларда таълим ва тарбия ривожи янги космик даражага чиқа олдими? Бу орқали Ўзбекистон ким ортда қолдирди? Ўзингизга келиб олинг, мактаблар ҳолати бир абгор ҳолатда, таълим сифати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бунга албатта блогерлар ва ОАВ айбдор. Мактабда ўқиётган ва ишлаётганлар бошига дўппи кийдириш қолди холос...
Изоҳлар мавжуд емас