Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Оммавий ахборот воситалари фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов тошкентлик таниқли журналист, Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежковни судга берган. Бу ҳақда мухбиримиз ёзмоқда.
Ҳаммаси шундан бошланганки, 21 февраль куни Сергей Ежков ўзининг Uzmetronom.com сайтида "Бриллиантовый мальчик" сарлавҳаси остида мақола эълон қилиб, унда Алламжоновни 4 млн 200 минг долларлик тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришда шерикчилик қилганликда, яъни Жиноят кодексининг 182-моддаси “Божхона тўғрисида” қонунларни бузишдек оғир жиноятни содир этишда айбланган.
Мақолада айтилишича, 17 февраль куни Москвадан Тошкентга бир аёл учиб келиб, ўзи билан 4,2 миллион долларлик олтин ва бириллиантлар келтирганмиш. Божхоначилар уни ушлаб қолишганда, ёрдам тариқасида Комил Алламжонов етиб келиб, “аэропорт раҳбариятига бу олтин ва бриллиантлар сотиш учун эмас, балким совға учун келтирилганлигини тушунтирган”.
Бу вазият бўйича Комил Алламжоновнинг ўзи қуйидагича изоҳ берган.
“Ежков билан шахсан таниш эмасман, лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, маълум шахсларнинг обрўсига путур етказиш қуроли сифатида ишлатиб келинган, деган гаплар юради. Шунинг учун мен, адвокат билан маслаҳатлашган ҳолда, ўз ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя килиш мақсадида Сергей Ежков устидан арз қилиб, ҳуқуқни муҳофаза килувчи органларга мурожаат қилдим. Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, агар Ежков ўз мақоласида кўрсатган ҳолат бўйича далил-исбот келтира олмаса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси, 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиши мумкин ва у қонун олдида жавоб бериши лозим бўлади”, -деб ёзмоқда Алламжонов ўзининг Телеграм-каналида.
“Ҳаммасини қонун ва суд ҳал қилиши керак. Мен барча керакли маълумотларни тақдим этишга тайёрман, -дея таъкидлади у.
Изоҳлар мавжуд емас