Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. 13 май куни Шавкат Мирзиёев томонидан карантин талабларини янада юмшатиш чораларига бағишланган видеселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Тадбирнинг асосий янгиликларини тақдим этмоқдамиз.
“Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда. Биз ҳам эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда, карантин талабларини юмшатишни бошлаганмиз ва буни босқичма-босқич давом эттирамиз”, -деб таъкидлади Президент.
Масъулиятсизлар ҳақида
Баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.
Умуман, коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш, юқумли касал бўлса ниқоб тақиш одатий қоидага айланиши лозим.
Бир нарсани яхши англаб олишимиз зарур: пандемия туфайли жорий этилган янги тизимнинг нақадар самарали ишлаши фақат ўзимизга боғлиқдир.
Карантинни енгиллаштириш
Президент "яшил" ва "сариқ" ҳудудларда босқичма-босқич санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда хизматлар кўрсатишга рухсат бериш кераклигини таъкидлади.
Республика комиссиясига эпидемиологик вазият ёмонлашганда вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган бирламчи чоралар тартибини тасдиқлаш топширилди.
Транспорт қатновини тиклаш
Олис ҳудудларнинг пойтахтимиз билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шу боис Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шахсий автомобилларда ҳаракатланиш
Шу билан бирга, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига тегишли таклифларни Республика комиссиясига киритиш вазифаси топширилди.
Пенсияларни яна нақд бериш
Маълумки, инфекция юқиши хавфи туфайли тўловлар нақдсиз шаклга ўтказилган эди. Аҳолининг, айниқса пенсионерларнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни карантин шартларига тўла риоя қилинган ҳолда нақд шаклда беришга қарор қилинди.
Изоҳлар мавжуд емас