Загрузка
Загрузка
Коронавирусга қарши ўзбек-хитой вакцинасининг самарадорлиги, хавфсизлиги ва тадқиқ этилганлигига оид билишимиз лозим бўлган маълумотлар
Жамият

Коронавирусга қарши ўзбек-хитой вакцинасининг самарадорлиги, хавфсизлиги ва тадқиқ этилганлигига оид билишимиз лозим бўлган маълумотлар

1125
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда аҳолини коронавирусдан оммавий эмлаш жараёни фаол давом этмоқда. Бу борада ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси асосий ҳисобланади.

Кўпчилик ўзбекистонлик эмлаш оқибатларидан қўрқиб, бу дорининг самарадорлиги, ён таъсири ва нима учун уч марта ўтказилишига оид табиий саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Batafsil.uz мухбири Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда энг кўп бериладиган саволларга жавоб тайёрлади.

– Ўзбекистонда ва Хитойда ўзбек-хитой вакцинасини неча киши қабул қилиган?

– Бугунги кунга келиб (9 июль ҳолатидаги маълумотлар) ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг жами 3 241 037 дозаси қўлланилган, яъни:

биринчи дозани – 1 961 000 ;

иккинчи дозани – 903 245;

учинчи дозани – 376 789 киши қабул қилган.

Хитойда эса бу вакцина 90 миллион кишига ўтказилган. 

– Вакцинадан қандай ножўя таъсирлар аниқланган?

– ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси клиник текширувларининг дастлабки натижаларига кўра, коронавирусга қарши Хитой вакцинасини қабул қилганларнинг озгина қисмида аллергик реакция, тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи каби ножўя таъсирлар кузатилган. Таъкидлаш жоизки, бу организмнинг вакцинага бўлган нормал рекциясидир.

– Нима учун вакцина уч марта қилинади, унинг учта компоненти турличами ёки масалан, "Sputnik V"даги каби бир хилми?

Баъзи вакциналар (биринчи навбатда "тирик" бўлганлар) тадқиқотлари шуни кўрсатадики, энг самарали иммунитетни шакллантириш учун одам бир неча дозали вакцинани олиши керак. Нима учун бу муҳим? Мисол учун, қизамиқ ёки қизилчага қарши эмлашнинг биринчи дозасидан сўнг баъзи одамларда антитаначалар титрлари инфекцияни енгиш учун етарли бўлмайди. Кураяпмизки, иккинчи эмлашдан сўнггина касалликка қарши ҳимоя қилиш учун антитаначалар титрлари етарлича ҳосил бўлмоқда.

Учта доза узоқ муддатли таъсир кўрсатади. Одамларни эмлашга рухсат берилишидан олдин, дозаларни ва инъекциялар сонини текшириш учун кўплаб тажрибалар ўтказилди. Ушбу маълумотлар асосида дозалар ва инъекциялар сони аниқланди. Барча дозалар бир хил компонентга эга.

– Ҳомиладор аёлларга вакцинани ўтказиш мумкинми?

– Умуман олганда, коронавирусга қарши вакцина 18 ёшгача бўлганлар ва ҳомиладор аёллар учун тавсия этилмаган. Эмлаш учун кўрсатмаларда ҳомиладорлик пайтида ундан фойдаланиш ҳақида маълумотлар ёзилмаган бўлса ҳам рухсат этилмайди. Бу клиник тадқиқотлар давомида вакцинанинг ҳомиладор аёлларга таъсир қилиш даражаси ўрганилмаганлиги билан боғлиқ.

Шунинг учун вакцина ҳомилага зарар етказиши ёки йўқлигини аниқ айтиш қийин. Ҳомиладорлик гумон қилинса, эмлашдан олдин зарур текширувлардан ўтиб, унинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Шунинг учун вакцинанинг охирги дозаси билан эмлашдан кейин 3-6 ой давомида ҳомиладорликни режалаштирмаслик тавсия этилади.

– Вакцина синовларнинг учинчи босқичидан ўтдими, маълумотлар “Ланцет” журналида чоп этилганми?

- COVID-19 вирусига қарши ишлаб чиқилган вакциналарнинг бирортаси бўйича клиник тадқиқотлар якунланмаган. Бутун дунёда пандемияга қарши курашиш учун вакциналардан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат бериш тартиби мавжуд. Ушбу қоида вакцинани иложи борича тезроқ ишлатиш керак бўлган ҳолатларда қўлланилади. Бундай рухсатноманинг берилиши муайян вакцинани ишлатиш фойдали эканлиги ва жиддий ножўя таъсирлари ҳақидаги маълумотлар йўқлиги борасидаги далиллар мавжудлигини англатади.

Худди шундай, Ўзбекистон COVID-19 пандемиясига қарши курашиш учун вакциналардан фавқулодда фойдаланиш тамойилига амал қилади. ZF-UZ-VAC 2001 вакцина синовлари I ва II босқич хавфсизлик маълумотлари асосида ўтказилди ва III босқич тадқиқотларида эмланганларнинг камида 50 фоизи 2 ой давомида кузатилди. Натижалар шуни кўрсатдики, бу вакцина нисбатан юқори хавфсизлик профилига эга экан. Шу сабабли ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси Ўзбекистон ва Хитойда шошилинч фойдаланиш учун тасдиқланган.

"the Lancet" тиббий журнали 2021 йилнинг 24 мартида ушбу вакцина синовларининг биринчи ва иккинчи босқичи ҳақидаги маълумотларни эълон қилган.

– Қайси сурункали касалликлар мавжуд бўлганда бу вакцина билан эмланмаган маъқул?

- Эмлаш вақтида сурункали касалликларнинг авж олиш даври бўлмаслиги ёки инсон касаллигининг бирон-бир аломати қайд этилмаслиги лозим. Бундан ташқари, 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёлларга эмлашдан олдин ҳомиладорликка тест топшириши тавсия этилади.

Бундан ташқари, эмланишдан олдин қабул қилаётган дорилар ҳақида шифокорингизни хабардор қилишни унутманг. Эмлашдан олдин 72 соат давомида юқори ҳарорати бўлган одамларга вакцинани қабул қилиш таъқиқланган. Кексаларда кўпинча ҳамроҳ касалликлар кузатилади. Эмлаш куни қон босими мёъерда бўлиши керак. Қандли диабет билан касалланган кишида эмлаш куни қондаги шакар даражаси меъёрда бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, COVID-19 вакцинасининг таркибий қисмларига ўта сезувчан одамлар учун вакцинадан фойдаланиш тавсия этилмайди. Ўткир юқумли ва юқумсиз касалликларга чалинган шахслар ҳам вакцина тавсия қилинмаганлар рўйхатига киритилиши мумкин.

- Келажакда бу вакцина билан реваксинация қилиш мумкинми?

- Келажакда, янги пайдо бўладиган мутацияларга таъсирини ҳисобга олиб, вакциналарни такомиллаштириш мумкин, баъзи мамлакатларда аллақачон ревакцинация қилиш ҳолатлари мавжуд

- Антитаначалар қанча муддат таъсир қилади?

- Янги ишлаб чиқилган коронавирус вакциналари бўйича тадқиқотлар дунё бўйлаб ҳамон давом этмоқда. Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Тахминларга кўра, антитаначалар бир йилгача сақлаб қолиниши мумкин. Лекин у икки йилгача касалликка қарши ҳимоя мумкин, деган тахминлар ҳам йўқ эмас.

– Ушбу вакцинани қабул қилгандан кейин касалланиш ҳолатлари кузатилдими?

– Ўзбекистонда ҳар учта доза қабул қилиниб, антитаначалар ишлаб чиқилганган кейин касаллик ҳолатлари қайд этилмаган.

– Вакцина қандай ҳароратда сақланиши керак? Одамлар орасида у қандай бўлинади, бир флакони неча кишига мўлжалланган?

ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси 2-8 даража ҳароратда сақланиши ва ташилиши мумкин. Бир флакон бир кишига мўлжалланган, яъни у бир дозани ўз ичига олади.

– Вакцина қандай штаммларга таъсир қилади? Вирус доимий равишда ўзгариб, мутацияга учрамоқда, янги штаммларга кучи етармикан?

– Синовларнинг учинчи босқич оралиқ натижаларига кўра, вакцина юқори самарадорлик ва антитаначаларнинг юқори даражасини намоён қилган. Бундан ташқари, 2021 йилнинг февралида намуналарнинг лаборатория текширувлари натижалари вакцина коронавируснинг "Жанубий Африка" вариантига қарши нейтраллаш кучини сақлаб қолганини кўрсатди.

Ўзбекистонда клиник синовлар ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга мувофиқ ва халқаро клиник амалиётда қўлланиладиган GСР (Good Clinical Practice – тегишли клиник амалиёт) қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилди.

Қайд етиш жоизки, назорат гуруҳига киритилган 150 нафар кўнгиллиларнинг 90 фоизида иккинчи дозадан сўнг қонидаги антитаначалар индекси 4,55 Au/mlдан юқори эканлиги аниқланди, бу эса коронавирусни зарарсизлантириш учун етарли даража мавжудлигини англатади. Коронавируснинг янги штаммлари – "Британия" ва "Бразилия" вариантларига қарши ҳам вакцинанинг самарадорлиги тасдиқланди.

Бундан ташқари, яқинда Science журналида чоп этилган "SARS-CoV-2 immune evasion by the B.1.427/B.1.429 variant of concern" номли мақолада коронавируснинг эпсилон штамми устида ўтказилган тадқиқот натижалари маълум қилинган. Мазкур штамм дастлаб Калифорнияда аниқланиб, ўта тез тарқалиши ва ўлим даражасининг юқорилиги билан танилган.

Ушбу мақолага кўра, CAL.20C (B.1.427/B.1.429 ёки Ухань-1 коронавирусининг изолят варианти ҳисобланагн "Калифорния штамми") асосида оқсилли вакцина билан эмланган кишиларнинг плазмаси мазкур штаммга қарши нейтралловчи титрларни намоён қилган.

– Айтишларича, бу вирус заррачалари бўлмаганлиги учун вакцинанинг энг хавфсиз тури екан. Шунақами?

- COVID-19 қарши ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти (IMCAS) ва Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical томонидан ишлаб чиқилган COVID-19нинг оқсилли суббирлиги адъювантидан иборат вакцина ҳисобланади.

ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси NVX-CoV2373 (Novavax), EpiVacCorona (Вектор) ва бошқа рекомбинат вакциналарни яратишга ўхшаш технология ёрдамида ишлаб чиқилган. Вакцина биотехнологик усул орқали SARS-CoV-2 коронавирусининг NCP-RBD рекомбинат оқсилини яратиш орқали қўлга киритилган. Эмланган одам организмида бу оқсилнинг пайдо бўлишига жавобан иммун тизими вирусни зарарсизлантирувчи антитаначалар ишлаб чиқаради. Ушбу вакцина уч ой давомида уч дозада қўлланилади.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси коронавирус бошоғининг тозаланган гликопротеини рецептор-боғловчиси қисми (рекомбинантли NCP-RBD оқсили)дан яратилиб, рекомбинантли СНО ҳужайлар ва алюминий гидроксиди адюъювантини қўшиш йўли орқали кучайтирилган. Адъювант янги коронавирусли инфекция келтириб чиқарадиган нафас олиш йўллари касалликларининг олдини олиш учун қўлланилади.

- Вакцинанинг самарадорлиги қандай?

– Аввало, вакцина юртимизга олиб келинганида, у Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти ва ходимларига ўтказилди. Қабул қилинган барча дозалардан кейин уларнинг организмидаги антитаначалар сони таҳлил этилганида, танадаги антитаначалар титри 200 дан ошганлиги маълум бўлди. Бу жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади. Иммуногенликнинг айнан шу каби юқори суръатлари вакцинанинг барча дозаларини қабул қилган назоратдаги ва эмланган фуқароларимизнинг кўпчилигида кузатилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, вакцинанинг самарадорлиги 95 фоиздан юқори.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...