Загрузка
Загрузка
Коррупцияга қарши лойиҳалар учун 2026 йилда 6,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди
Жамият

Коррупцияга қарши лойиҳалар учун 2026 йилда 6,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди

55
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ​  Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш учун 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 25 та грант ва ижтимоий буюртма лойиҳасига 6,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Бу кўрсаткич 2025 йилдаги йиллик ҳажмга нисбатан қарийб 91 фоизга кўп.

Бу ҳақда 7 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ўтказилган тадбирда маълум қилинди.

Қайд этилишича, ажратилган маблағларнинг 3 миллиард 190 миллион сўми Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, 1 миллиард 918 миллион сўми Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, 846 миллион сўми эса халқаро ташкилотлар ҳисобига тўғри келади.

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ижтимоий буюртмаси танлови ғолиблари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдим этилган. Тақдимот "Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти" Республика жамоат бирлашмаси ҳамда "Юксалиш" ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган.

Унда "Барқарор ривожланиш" марказининг "Бизнес ва коррупция" ҳамда "Юксалиш" ҳаракатининг "Ҳалоллик сари илк қадам" лойиҳалари ҳақида маълумот берилган.

"Ҳалоллик сари илк қадам" лойиҳаси доирасида болаларда ҳалоллик, адолат, масъулият ва бошқаларнинг ҳуқуқларига ҳурмат каби қадриятларни шакллантиришга қаратилган материаллар ишлаб чиқилади.

Жумладан, мактабгача ёшдаги болалар учун эртаклар, расмлар ва топшириқлардан иборат қўлланма, бошланғич синф ўқувчилари учун "Мен ҳалолликни танлайман" методик қўлланмаси, "Ҳалоллик ўйини" тўплами ва бошқа таълим материаллари тайёрланади.

"Бизнес ва коррупция" лойиҳаси доирасида эса тадбиркорлар, инвесторлар ва экспертларнинг коррупцияга муносабати ўрганилади. Шунингдек, коррупциявий хавфи юқори бўлган институтлар, хизматлар, лавозимлар ва ҳудудлар аниқланади.

Лойиҳа натижасида коррупцияни қабул қилиш даражаси ва институционал хавфлар баҳоланиб, давлат органлари учун амалий таклиф ва ечимлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Йиғилган маълумотлар ягона аналитик базага бирлаштирилиб, институционал коррупциявий хавфлар харитаси, индекс ва рейтингларни ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Тадбир якунида лойиҳалар натижадорлигини ошириш, ишлаб чиқилаётган материал ва тавсияларни амалиётга жорий этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича таклифлар билдирилган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...