Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзгидромет келаётган дам олиш кунларининг об-ҳаво башоратини тақдим қилган. Ўзбекистонликларни кучли шамол, ёмғир ва ҳавонинг салқин бўлиши кутмоқда. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"Бугун Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республиканинг шимолий-ғарбий ҳудудларига Туркманистон орқали Каспий денгизидан салқин ва нам ҳаво массалари кириб келади, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин”- дея таъкидлашмоқда синоптиклар.
Ҳаво ҳарорати куннинг ўртасига келиб 33-35о гача, айрим жойларда 37о гача кўтарилади, шимолий ҳудудларда 20-25о дан ошмайди.
Эртага салқин ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши шарқ томонга қараб кўчади. Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин. Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида фақат кечаси ва эрталаб момақалдироқли ёмғирлар сақланиб туради. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кузатилмайди. Кундузги ҳаво ҳарорати 20-25о гача пасаяди.
Якшанба куни республикамизда ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг баъзи жойларида ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 10-15о ни, кундузи 20-25о ни ташкил этади, шимолда кечаси 0-5о илиқгача, кундузи 7-12о илиқгача пасаяди.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 25-28 м/с гача кучайиши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, дам олиш кунлари баъзи жойларда қорга айланади.
Шунингдек, дам олиш кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Пойтахтда кутилаётган об-ҳаво
Бугун Тошкентда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади, 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 32-34о гача кўтарилади.
Шанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, дўл ёғиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-17 м/с гача кучайиши мумкин.
Якшанба куни кечга томон бироз ёмғир ёғади. Шамол шимолий-шарқий йўналишда 5-10 м/с тезликда эсади. Дам олиш кунлари ҳарорат кечалари 11-13о ни ташкил этади, кундуз кунлари 21-23о атрофида бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас