Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Кушербаев карантин қоидаларини бузганлик учун қатъий чоралар қўлланаётган бир вақтда ўзлари коронавирусни тарқатишга атайин йўл қўйиб бераётган бир қатор амалдорларни танқид қилди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
“Зангиота туманида ташкил этилган коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус касалхонада касалланган беморлар учун ишлатилган тиббий буюмлардан иборат чиқиндиларнинг бир қисми атроф муҳитга ташланмоқда. Хусусан, куни кеча Тошкент вилояти Зангиота, Қуйи Чирчиқ туманлари, Чирчиқ дарёси атрофига ташланган бундай чиқиндилар аҳолининг кескин эътирозига сабаб бўлди”, - деди депутат ўзининг Телеграм- каналида.
Кушербаевга келиб тушган маълумотларга кўра, айни вақтда учта ҳудудда ана шундай чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари аниқланган. Депутатнинг таъкидлашича, энг ачинарлиси шундаки, коронавирусда ишлатилган чиқиндилар дарё сувига қадар сочилиб кетган.
Унинг сўзларига кўра, яқин вақтгача бундай чиқиндиларни йўқ қилиш билан «Med class plus» МЧЖ шуғулланган. Ушбу тадбиркорлик субъекти стандартларга мувофиқ, коронавирусда ишлатилган буюмлар чиқиндисини ёқиб, йўқ қилишга ихтисослашган.
Бироқ, Кушербаевнинг айтишича, масъуллар томонидан негадир ушбу МЧЖдан бу хизмат олиниб, бошқа тадбиркорга берилган ва янги тадбиркор чиқиндиларни тўлиқ ёқиб, йўқ қилишнинг уддасидан чиқа олмагач, яширинча атрофга чиқариб тўкишни бошлаган.
“Озгина фойда оламан деб, ўз яқинлари, юртдошлари қолаверса мамлакат тақдирини хавф остига қўйиб, бундай иш билан шуғулланишни нима деб атаса бўлади ўзи? Пасткашлик. Бундай қилаётган одамнинг ўзи ҳам уни яширинча қўллаб-қувватлаб фойдани «арра» қилмоқчи бўлган масъуллар ҳам энг пасткаш ва кечириб бўлмайдиган ишга қўл уришибди. Умид қиламанки, барча даражадаги ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари ва виждони бор масъуллар бу вазиятни шунчаки қолдирмай тезкор чоралар кўришади”, - дея якунлади Кушербаев.
Изоҳлар мавжуд емас