Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ тармоғида 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларининг бориши юзасидан тақдим этилган ахборот билан танишди. Давлат раҳбари аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ, суюлтирилган газ ҳамда бошқа ёқилғи ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, тизимни техник жиҳатдан тубдан таъмирлаш ва респубика ҳамда ҳудудий комиссиялар назоратини кучайтириш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифаларни юклади.
Унга кўра, мавсум бошлангунига қадар магистрал газ қувурларининг 53,7 километрлик нуқсонли қисми алмаштирилади ва компрессор станцияларидаги 77 та газ ҳайдаш агрегати мукаммал таъмирланади. Шунингдек, истеъмолчиларга табиий газни сифатли етказиб бериш ва технологик йўқотишларни камайтириш мақсадида 881 та маҳалладаги 220 минг хонадоннинг газ таъминоти уч босқичли тизимдан икки босқичли тақсимлаш тизимига ўтказилади. Лойиҳа доирасида 711,9 километр газ тармоғи ва 400 та газ тақсимлаш пункти реконструкция қилиниши белгиланган.
Тасдиқланган режага асосан, куз-қиш мавсумида аҳолига 325,7 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади, шундан 8,2 минг тоннаси бориш қийин бўлган 229 та қишлоқдаги истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, декабрь-январь ойлари учун 120 минг тонна автобензин захираси яратилади, иссиқлик электр станцияларига эса 4 миллион 161 минг тонна кўмир етказиб берилади. Тармоқ барқарорлигини таъминлаш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" тизимидаги 90 та технологик қурилмада ҳам таъмирлаш ишлари якунига етказилади.
Ўтган йили Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат энергетика тизими октябрь ойидан бошлаб тўлиқ куз-қиш режимига ўтишини ва барча ҳудудларда 24 соатлик навбатчилик тизими жорий этилишини, бу фуқароларни узлуксиз энергия билан таъминлашни мақсад қилганини айтган эди.

Изоҳлар мавжуд емас