Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда сўнгги беш кун давомида ёғингарчилик бўлмагани, шамол тезлигининг пастлиги ва ҳаво алмашинувининг сустлиги ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини қийинлаштирмоқда. Ўзгидромет маълумотларига кўра, бу даврда Қозоғистон ҳудудидан Тошкент вилояти ва пойтахт томон трансчегаравий чанг массалари ҳам кириб келмоқда.
2026 йил 17–21 ноябрь кунлари олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, пойтахт ичидаги автоматик станцияларда ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг сезиларли ортиши қайд этилмаган.
Бироқ чегараолдидаги "София" ва Green University станцияларида PM2.5 ва PM10 чанг заррачаларининг юқори кўрсаткичлари аниқланган.
Мутахассислар бу ҳолатни ташқи ҳудудлардан келаётган чанг массалари билан боғламоқда.
Шу билан бирга, шаҳардаги ҳаво сифатига автотранспорт воситалари, қурилиш майдонлари ва саноат корхоналаридан чиқадиган ташламалар ҳам таъсир кўрсатмоқда.
PM2.5 — диаметри 2,5 микрометргача бўлган майда заррачалар, PM10 эса 10 микрометргача бўлган чанг заррачаларидир. Улар ҳавода узоқ вақт сақланиб, нафас олиш тизимига таъсир қилиши мумкин.
Аввалроқ 24 октябрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ОАВ вакиллари билан Тошкент ҳавосининг ифлосланиши мавзусида муҳокама ўтказилиб, унда майда заррачаларнинг манбалари, чангнинг Марказий Осиё бўйлаб тарқалиши ва шаҳарсозликда экологик экспертизанинг аҳамияти муҳокама қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас