Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин тахминларига кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти собиқ совет маконида Россиядан кейин иккинчи бўлиши мумкин. Вазирнинг фикрича, бу учун давлатга 20 йил керак бўлади. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар қилмоқда.
Орешкин мазкур тахмини ҳақида 30 ноябрь куни Москвада “Олий иқтисод мактаби” Миллий тадқиқот университетида талабалар билан ўтказган учрашувида маълум қилди.
Вазир иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси ҳисобланиши боис, талабалардан бири Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқига киришидан Ўзбекистонга қандай имтиёз ва преференциялар берилиши ҳақида савол билан мурожаат қилди. Талабанинг тахминларига кўра, 2020 йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган МДХ давлат раҳбарларининг йиғилишида Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга кириши эълон қилиниши мумкин.
Максим Орешкин тўғридан-тўғри жавобдан қочиб, бу мавзу кўплаб мунозараларга сабаб бўлаётганлигини айтиш билан кифояланди. У Ўзбекистонда фаол ислоҳотлар бораётганлиги, Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши пайтида давлатда кўплаб муаммолар йиғилиб қолганлиги эслатиб ўтди. “Улар босқчима-босқич ҳал этилмоқда. Бу жараён мураккаб кечиб, кўплаб муаммолар ўз ечимини кутиб қолмоқда”, - деб айтди вазир.
Шу билан бирга вазир: “Ўзбекистон иқтисодиётига мен 20 йилдан кейин собиқ совет маконида Россиядан кейин иккинчи бўлишга қодир иқтисодиёт сифатида қарайман”,- деб қўшимча қилди.
Вазир Россиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини тасдиқлаб, “Биз хамкорларимиз билан биргаликда ривожланишимизга туртки бўладиган нуқталарини топа оламиз”, - деб айтди
Орешкин талабаларга Ўзбекистонни ўз кўзлари билан кўришлари, баҳорги таътил пайтида Тошкентдан замонавий поезд қатнаётган Самарқанд ва Бухорога боришни тавсия қилди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг октябрь ойида Тошкентга қилган ташрифи давомида Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши ҳақида маълумот тарқалган эди. Кейинчалик буни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам тасдиқлаган. Унинг айтишича, ЕОИИга аъзо бўлиш масаласи кейинги уч йил давомида ўрганиб чиқилмоқда ҳамда бу борада Ўзбекистонга ҳеч қандай босим ўтказилмаяпти.
Изоҳлар мавжуд емас