Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўқувчилар учун онлайн-дарслар 14 сентябрь куни бошланади. Мухбиримиз хабар беришича, дарслар мамлакатнинг 117 нафар энг яхши ўқитувчилари томонидан тайёрланмоқда.
"Масофадан таълим олаётган ўқувчилар учун онлайн-дарслар “Онлайн мактаб" лойиҳаси доирасида телевидение орқали эфирга узатилади. Шу билан бирга, мактаб ўқитувчиларининг асосий вазифаси - масофадан таълим олаётган ўқувчиларнинг кундалик давоматини таъминлаш, “Онлайн мактаб” доирасида ташкил этилган дарсларда берилган уй вазифаларининг бажарилишини текшириш ва назорат қилишдан иборат”,-дейди Халқ таълими вазирлиги матбуот-котиби Лайло Рустамова.
Унинг сўзларига кўра, мактабда дарс берадиган ўқитувчилар масофадан ўқиётган ўқувчилар учун алоҳида дарслар ўтказишмайди.
"Таъкидлаш жоизки, 18 августдан бошлаб 1-11 синф ўқувчилари учун телевизион дарсларни суратга олиш ишлари бошланди. Онлайн дарсларни суратга олишга республикамизнинг 117 нафар энг яхши малакали педагоглари жалб этилган. Бундан ташқари, 8 нафар сурдотаржимонлар ва 15 муҳаррирлар онлайн дарслар устида ишлайди", - деди у.
"Онлайн мактаб" телелойиҳасининг эфирга узатилиши шу йилнинг 14 сентябрь куни бошланади.
Эслатиб ўтамизки, ота-оналар янги ўқув йилида ҳам анъанавий таълим шаклини, ҳам онлайн дарсларни танлашлари мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас