Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Маълумотлар мониторинги бўйича мустақил қўмита коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини 3 ёшдан катта болаларга қўллашни маъқуллаган.
“Хитой–Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини 3-5, 6-11 ва 12-17 ёшдаги болаларда қўллаш хавфсизлиги DSMB (Data Safety Monitoring Board) – Маълумотлар мониторинги бўйича мустақил қўмита томонидан тасдиқланди”, - дея таъкидламоқда вазирлик.
DSMB – мустақил экспертлар гуруҳи бўлиб, улар тадқиқотлар натижаларига кўра тадқиқотда иштирок этганларнинг хавфсизлигини таҳлил қилади ва баҳолайди.
Ҳозирда Хитойда 12-17 ёшли бир гуруҳ болалар ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3 та дозаси, 6-11 ва 3-5 ёшли болалар гуруҳлари эса вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланган. Болаларнинг саломатлигида ножўя таъсирлар кузатилмаган.
Эслатиб ўтамизки, куни кеча Ўзбекистонда 12 ёшдан катта болаларни Германиянинг коронавирусга қарши Pfizer вакцинаси билан эмлашга рухсат берилди. Эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади.
Изоҳлар мавжуд емас