Загрузка
Загрузка
Маркировка атрофидаги шов-шув. Нима учун бизнес вакиллари ва истеъмолчилар рақамли маркировкалаш масаласига эҳтиёт билан қарамоқда?
Жамият

Маркировка атрофидаги шов-шув. Нима учун бизнес вакиллари ва истеъмолчилар рақамли маркировкалаш масаласига эҳтиёт билан қарамоқда?

1102
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда бошлаб юборилган маҳсулотларни рақамли маркировкалаш жараёни ҳам истеъмолчи, ҳам ишлаб чиқарувчиларда таажжуб уйғотмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга ошираётган "CRPT TURON” МЧЖ вакилларининг айтишича, кўплаб тадбиркорлар янги технологияларнинг фойдасини англамоқда. Бироқ, айримлар маркировкалаш бизнесга жиддий зарба бўлади, деган фикрда. Худди шу каби иккиланиш истеъмолчилар орасида ҳам кузатилади. Кимдир маркировкалаш харажатлари истеъмолчининг чўнтагидан олинади, деб ўйласа, бошқа бировлар – бу зарурий жараёндир, зеро, аксарият товарлар сифати талабга жавоб бермайди, дея таъкидламоқда.

Ушбу гап-сўзларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, "CRPT TURON" компанияси мутахассислар билан онлайн учрашув ташкил этиб, бошқа мамлакатларда маркировкалаш соҳасида эришилган ютуқлар ва Ўзбекистоннинг бу борадаги айрим муваффақиятлари ҳақида маълумот берган.

Масалан, Франция дори-дармонларни маркировка қилган биринчи Европа мамлакати бўлган. Ушбу жараён жорий этилганидан бир йил ўтиб, давлат бюджетига даромадлар 1,7 миллиард долларга ошган, бу эса ўзи ўрнида қўшни мамлакатларда дори-дармонларни маркировка қилиш учун жиддий туртки бўлган. Шу билан бирга, Хитойда мажбурий маркировкалаш бўйича қатъий қоидалар йўқ: бу масала билан давлат эмас, балки ўз маҳсулотларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилишдан манфаатдор бўлган бизнес шуғулланади.

Собиқ иттифоқ маконида Арманистон ва Беларусь биринчилардан бўлиб маркировкалашни бошлаган. Арманистон бир вақтнинг ўзида 42 турдаги маҳсулот гуруҳларидан бошлаб, бугунги кунда қарийб 150 маҳсулот турларини маркировкалаш билан қамраб олган. Беларусь маркировкалаш орқали кичик маиший техника бозорини тозалашда сезиларли муваффақиятларга эришганлиги натижасида бу соҳада 4 баробар ўсиш қайд этилган.

Баъзи тоифалар Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам маркировка қилинади. Бироқ, бугунги кунда бу борада энг катта муваффақиятга Россия давлати эришган. Бу ерда тамаки, сут, сув, дори-дармон, поябзал, парфюмерия, фотоаппаратлар, автомобиль шиналари, мўйнали кийимлар рақамли маркировкаланиши шарт.

Айни пайтда пиво, БФҚ, велосипед ва аравачаларни маркировкалаш бўйича лойиҳалар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, "CRPT TURON"нинг операцион директори Олег Кузьминнинг айтишича, маркировкаланган маҳсулот тоифаларининг ҳеч бири бўйича танқислик ёки нархларнинг ошиши кузатилмайди. Маркировка маҳсулот нархини шакллантирадиган барча омиллар рўйхатида деярли охирги ўринда туради.

"Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар учун маркировкалашнинг аҳамияти рақамлар билан тасдиқланади. Шуниси қизиқки, Россияда биринчилардан бўлиб мўйнали пальтолар маркировка қилинган. Биринчи қарашда уларни маркировкалашдан не ҳожат, ахир бу турдаги кийим кўп харид қилинмайди ва қалбакилаштириш даражаси ҳам ниҳоятда паст, деб ўйлаш мумкин. Натижада маркировкалаш жорий этилгач, мўйнали пальтоларнинг расмий савдоси 10 баробар ошди. Ушбу Luxury-сегмент бозорининг 90% сояда эканлиги аниқланди. Шунингдек, Россияда тамаки маҳсулотлари маркировка қилинганидан сўнг, йўқ жойдан илгари маҳсулот ишлаб чиқариш ва солиқсиз сотиш билан шуғулланиб келган 18 та завод пайдо бўлган. Улар фаолиятини қонунийлаштиришга мажбур бўлди. Кийим-кечак ва поябзал учун қалбаки товарлар улуши 12% га камайди", - дея қайд этди мутахассис.

Бундан ташқари, Россияда дори воситалари бўйича дастлабки лойиҳа босқичида 100 миллион рубллик жиноятлар ва 500 миллион рублга тенг қонунбузарликлар аниқланган. Жиноятларнинг моҳияти шундан иборат бўлганки, давлат шифохоналарга дори-дармонларни бепул етказиб берсада, беморларгача етиб бормаган ва мўъжизавий тарзда дорихоналарда пайдо бўлган. Қиммат ва хусусан, онкологик дори-дармонларнинг беморларгача етиб бора бошлагани ва дорихоналарга қолиб кетмаслиги сабабли ноқоний айланма 10 баробарга камайган.

Россияда минерал ва ичимлик суви, шакарли ичимликлар ва шарбатлар бўйича лойиҳа муваффақиятли якунланиб, бу ҳам қизиқарли статистикани кўрсатган. Россия солиқ идораларининг маълумотларига кўра, ичимлик суви бозорининг тахминан 30% илгари ноқонуний савдогарлар томонидан тақдим этилган, минерал сувнинг 60 фоиздан ортиғи эса техник талаблар ва ёрлиқлардаги ёзувларга жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда акциз тўланадиган товарлар – тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, пивонинг мажбурий маркировкаси жорий этилган. Ҳозирда дори-дармон, сув ва ичимликлар, шунингдек, маиший техника воситалари бўйича дастлабки лойиҳалар амалга оширилмоқда.

"Фармацевтика соҳасидаги илк лойиҳалар жуда яхши бошланди. Тан олиш керак: барча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар буни тўғри қабул қилишди. Ҳаракат занжирини кузатиш учун коронавирусга қарши “Спутник V” маркировкаланган вакцинани импорт қилиш масаласи билан пухта шуғулланаяпмиз. Маиший техниканинг барча асосий ишлаб чиқарувчилари ҳам жараённинг бошланиши учун розилик беришди”, - деди “CRPT TURON " бош директори Анатолий Бачикалов.

Бироқ, ташаббус сув ва ичимлик саноатининг айрим вакиллари томонидан қабул қилинмаган. Яқинда улар бу жараённинг жорий этилишига қарши очиқ хат билан чиқиб, соҳа бунга тайёр эмаслигини таъкидлашган.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда сув ва ичимликлар истеъмоли бўйича тақдим этилган маълумотлар ҳақиқий рақамлардан бирмунча фарқ қилади. Сув ва ичимликлар учун идишларни маркировкалаш технологиялари ҳали ишлаб чиқилмаганлиги ҳақидаги гап-сўзлар бутунлай асоссиз – оддий маркировкалаш технологиялари Россияда шиша идишларга ҳам, алюминий банкаларига ҳам муваффақиятли қўлланилиб келмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ичимлик ишлаб чиқариш линиялари юқори тезликка эга эмас ва ўта қиммат технологияларни талаб қилмайди.

Ушбу соҳа маҳсулотлари бўйича дастлабки лойиҳа доирасида маркировкалаш тизими оператори унда иштирок этишга рози бўлган 5 нафар ишлаб чиқарувчи билан иш олиб бормоқда. "CRPT TURON" раҳбарининг таъкидлашича, махсус ускуналар бепул ўрнатилади.

Ҳозирда бу соҳада қайноқ мавсум бўлгани учун аниқ ҳаракатлар октябрь ойида амалга оширилади, айни пайтда эса томонлар методология ва бошқа жиҳатларни муҳокама қилишмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ишлаб чиқарувчилар учун дастлабки лойиҳа - мавзу ва технологияларни ўрганиш, ўзлари учун мақбул ечимни танлаш, ишлаб чиқариш жараёнлари нуқтаи назаридан янгилик таклиф қилиш имкониятидир.

Batafsil.uz мухбири баъзи ишлаб чиқарувчиларда истак йўқлиги истеъмолчиларнинг сифатсиз ёки маҳсулотларнинг талабларга мос келмаслиги ҳақидаги хавотирларига сабаб бўлиши ёки йўқлиги ҳақида сўради.

"Ҳозирча ҳеч кимни айблай олмаймиз. Бироқ, истеъмолчи сифатида айтаманки, мен бунга дуч келганман: бир марта таниқли бренднинг минерал сувини сотиб олдим, лекин шишанинг ичидагиси ёрлиқдаги ёзувга мос келмасди. Яқинда Америкада сув ҳақида тадқиқот олиб борган консалтинг гуруҳининг молиявий ҳисоботини ҳам ўқиб қолдим. АҚШ ва Европадаги 18 та энг йирик сув ишлаб чиқарувчи ушбу сув қаердан қазиб олингани ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишдан бош тортган. Баъзилар эса бу оддий жўмракдан олинадиган сув, лекин махсус ишлов берилганини тан олишган", - деб жавоб берди Анатолий Бачикалов.

Бу учрашув албатта охиргиси бўлмайди. Чунки бу жараён қанчалик тезлашаётган бўлса, шунчалик кўп саволлар туғилади. Бироқ, жараённинг барча иштирокчиларига жорий этилаётган янгиликларнинг фойдаси бўйича аниқ фактлар тақдим этилмагунча, шубҳалар сақланиб қолаверади. Натижалар эса бир йилдан кейин маълум бўлади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+