Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан 36,3 триллион сўмлик ундирув амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,7 триллион сўмга кўп.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Билдирилишича, ундирилган маблағларнинг 25,6 триллион сўми давлат фойдасига, 9,7 триллион сўми тадбиркорлик ва бошқа субъектлар манфаатига, 1 триллион сўмдан ортиғи эса фуқаролар фойдасига йўналтирилган. Шунингдек, 1,3 миллионта ижро ҳужжати ахборот-коммуникация технологиялари орқали соддалаштирилган тартибда ижро этилган.
Брифингда ижтимоий йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича ҳам натижалар келтирилган. Хусусан, 2 триллион сўм алимент маблағи ундирилган, Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 346 нафар фуқарога 18,6 миллиард сўм тўлаб берилган.
Манзилли ишлар натижасида 13,4 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилган, 7,1 мингдан ортиқ оила яраштирилган. Шунингдек, ноқонуний ишдан бўшатилган 344 нафар фуқаро ишга тикланиб, улар фойдасига 15,2 миллиард сўм иш ҳақи ундириб берилган.
Таъкидланишича, Мажбурий ижро бюроси фаолиятини рақамлаштириш ишлари давом этмоқда. Ҳозирда 36 та ижро ҳаракатининг 22 таси ҳамда қабул қилинган 53 миллион қарорнинг 73 фоизи инсон омилисиз автоматик тарзда амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида бир нафар давлат ижрочисининг ойлик иш самарадорлиги 2021 йилдаги 113 тадан 338 тагача ошиб, қарийб уч баробарга кўтарилган.
Маълумот учун, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда алимент ундириш соҳасида иш ҳажми сезиларли даражада ошган: ижро ҳужжатлари сони 43 фоизга кўпайган. Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, ҳозирда 366 мингдан ортиқ ҳужжат иш юритиш жараёнида. Биргина 2025 йилнинг ўзида 160 мингга яқин янги иш очилган, 2,5 минг киши қидирувга берилган.

Изоҳлар мавжуд емас