Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил август ойида Ўзбекистонда истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,2 фоизга қимматлашди. Йиллик истеъмол нархлари индекси 6,2 фоизни ташкил этиб, 2025 йил август ойидаги 8,8 фоизга нисбатан 2,6 фоиз бандга пасайган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, августда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,4 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар нархи эса 0,1 фоизга ошган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сабзи 9,2 фоиз, тарвуз 7,5 фоиз, пиёз 6,2 фоиз, узун бошоқли гуруч 2,4 фоиз ва юмалоқ бошоқли гуруч 2,3 фоизга қимматлашган.
Шу билан бирга, узум нархи 10,9 фоиз, булғор қалампири 9,2 фоиз, олма 7,2 фоиз, нок 6 фоиз, бақлажон 5,5 фоиз, карам 4,9 фоиз ва картошка 3,3 фоизга арзонлашган.
Ноозиқ-овқат товарлари орасида АИ-98 ва АИ-100 бензини 6,7 фоиз, АИ-95 бензини 4,9 фоиз, АИ-92 бензини 1,1 фоизга қимматлашган.
Хизматлар соҳасида халқаро авиақатновлар нархи 1,7 фоиз, шаҳарлараро автомобиль транспортида йўловчи ташиш 0,6 фоиз ва ижарадаги турар жойлар учун тўловлар 0,4 фоизга ошган.
Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда йиллик инфляция 2026 йил июль ойида 6,4 фоизгача пасайганини маълум қилганди. Бироқ айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёнилғи нархларида сезиларли ўсиш қайд этилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас