Загрузка
Загрузка
Метробуслар, байкшеринг ҳамда километраж учун ҳайдовчиларга ҳақ тўлаш. Жорий йилда жамоат транспорти тизимида кутилаётган ўзгаришлар
Жамият

Метробуслар, байкшеринг ҳамда километраж учун ҳайдовчиларга ҳақ тўлаш. Жорий йилда жамоат транспорти тизимида кутилаётган ўзгаришлар

478
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Пойтахтнинг электробуслар парки кенгаяди, пойтахт кўчаларида янги турдаги жамоат транспорти – метробус пайдо бўлади, аҳоли байкшеринг афзалликларини баҳолай олади, автобус ҳайдовчиларига эса километраж учун ҳақ тўланади. "Тошшаҳартрансхизмат"нинг лойиҳалар, ташқи алоқалар ва инвестициялар бўлими бошлиғи Шаҳбоз Ғафуров жорий йилда йўловчи ташиш соҳасида кутилаётган ўзгаришлар хусусида Batafsil.uz. мухбирига айтиб берди.

- Тошкентда йўловчи транспортининг янги тури - BRT тезюрар автобусларини йўлга қўйиш, шунингдек, жамоат транспорти учун махсус полосалар ташкил қилиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ҳақида маълумот берсангиз.

– Лойиҳага кўра, Тошкентда йўловчи ташишнинг янги тури –Bus Rapid Transit (BRT) тез юрар автобсулар ёки бошқача айтганда, метробуслар ҳаракатланиши йўлга қўйилади. Бунинг учун 23 та транспорт воситаси сотиб олинади. Уларни “Чилонзор” савдо мажмуасидан “Чорсу” марказигача бўлган йўналиш бўйича ишга тушириш режалаштирилган. Бу тахминан 18 километрни ташкил қилади ва 26та бекатни ўз ичига олади. Ушбу транспорт турининг ўртача тезлиги   соатига 25 километрни ташкил қилиб, тез юрар автобуслар орасидаги оралиқ вақт тахминан 5 дақиқа бўлади. Улар бир томоннинг ўзига 138та рейсни амалга оширади.

Юқори даражадаги ўтказувчанлик - метробусларнинг афзалликларидан биридир: улар кунига 40 мингдан ортиқ йўловчини ташиш имкониятига эа бўлади. Бундан ташқари, транспортни кутиш вақти камаяди, ёқилғи ва ходимлар учун харажатлар ҳам пасаяди. Атроф-муҳитга етказиладиган зарар 33 фоизга қисқаради. Бироқ, BRT учун махсус иккита йўл полосасини ажратиш бошқа иштирокчилар учун йўлларнинг торайиш хавфини келтириб чиқаради. Бу эса ўз навбатида бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларига айрим ноқулайликларни туғдиради.

Жамоат транспорти учун махсус йўлларни яратиш борасида ҳам алоҳида лойиҳа мавжуд. Бу масала Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан 34-сессияда кўриб чиқилган. Дастлаб, бу ғояни Бобур кўчасида, яъни Тошкент халқаро аэропортидан Сеул кўчасигача синов режимида амалга ошириш режалаштирилган. Бу кўчанинг узунлиги 30 километр, кенглиги 3-4 километрга тенг бўлиб, 8 тадан ортиқ полосага эга. Ҳозирги кунда мазкур кўча бўйлаб 18 та автобус йўналишлари ва 5та такси йўналишлари бўйича жамоат транспорти фаолият юритмоқда.

Жамоат транспорти учун полосаларнинг яратилиши автобуслар ва йўналишли таксиларнинг фойдаланиш тезлигини 25 фоизга оширади. Шубҳасизки, бу нафақат йўловчиларни ташиш учун кўрсатиладиган хизматларга ижобий таъсир кўрсатади, балким тирбандликларни камайтиришга ҳам ёрдам беради. Яъни, айни вақтда бир кўчадан иккинчисига ўтиш учун 3 марта тўхташ керак бўлса, лойиҳа амалга оширилгандан сўнг эса, шу кўча бўйлаб ҳаракатланиш учун битта бекатда тўхташнинг ўзи кифоя бўлади.

Ушбу лойиҳа бўйича аҳолининг фикрини ўрганиш учун турли оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлардаги гуруҳ ва ҳамжамиятларда сўровлар ўтказилди. Уларда 3842 киши иштирок этди. Шундан 68 фоизи лойиҳани ижобий, 13 фоизи – салбий баҳолаб, 17 фоизи эса бу масалага қизиқизмаслигини билдирган.

- Каттароқ сиғимдаги автобус ва электробасларни харид қилиш режалаштирилганми?

- Ҳа, ривожлантириш режасига кўра, "Тошшаҳартрансхизмат" паркини янгилаш режалаштирилган. Тошкент учун 20 дона электробасларни давлат томонидан харид қилиш учун техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни тайёрлаганмиз. Танлов тендерлари апрель ойида режалаштирилган бўлиб, уларда иштирок этиш ниятида бўлганлар ниҳоятда кўп. Ўйлайманки, йил охиригача улар ишга тушса керак.

Бундан ташқари, келгусида катта сиғимли яна 30 та электробусларни сотиб олиш режалаштирилган бўлиб, таклифлар тайёрланган ҳамда кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

BRT лойиҳасига кўра, 17-18 метрлик 23 та, сўнгра 24 метрлик 6 та тезюрар автобуслар харид қилинади.

– Жорий йилда Тошкентнинг транспорт тизимини яна қандай ўзгаришлар кутмоқда?

- Синов режимида байкшеринг бўйича лойиҳани ишга тушириш кутилмоқда [қисқа муддатли сафарлар учун велосипеддан бепул ёки арзон фойдаланиш имконини берувчи ижара тизими]. Дастлаб, мазкур лойиҳа Юнусобод туманида ишга туширилиб, бошланишида 4та нуқтани қамраб олади.

Уч ойлик синов натижаларига кўра, ушбу тажрибани пойтахтнинг бошқа туманларига ҳам татбиқ қилиш режалаштирилган. Кўпгина Европа мамлакатларида байкшерингдан жамоат транспортига муқобил восита сифатида фойдаланилади.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Тошкентда 40 мингдан ортиқ киши велосипеддан фойдаланади. Одатда, бу дам олиш учун ишлатилишини инобатга олган ҳолда, ушбу транспорт турини тўлақонли ҳаракатланиш воситасига айлантириш режаси мавжуд. Бу режалар албатта муваффақиятли бўлади.

Шунингдек, йўл ёқаларидаги автотураргоҳларни ривожлантириш доирасида Тошкент шаҳрининг 10 та жойида 2 мингдан ортиқ машинага мўлжалланган автотураргоҳлар яратиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга оширилади. Биз ушбу лойиҳа учун концепция ва техник-иқтисодий асоснинг тузилишини якунлаяпмиз. Эҳтимол, май ойида уни амалга ошириш учун тендерлар ўтказилади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 1 млн. долларни ташкил қилади.

– Туркиянинг Kalyon Ulaştırma компанияси пойтахтдаги кўплаб чорраҳаларда светофорлар ишлаши ва барча транспорт воситаларининг ҳаракатланишини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрлаётгани ҳақида хабар тарқатилган эди. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

– Ҳа, Туркиялик инжиниринг компанияси ҳозирда Тошкент транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасининг бош режаси концепциясини ишлаб чиқмоқда. Унга пойтахт йўлларидаги 100та чорраҳа ишини қайта ислоҳ қилиш, геометрик дизайнни ўзгартириш ва транспорт воситалари сиғимини яхшилаш вазифаси ҳам юклатилган.

- Тошкентда автобус йўналишларини мақбуллаштириш бир неча босқичлардан ўтди, мақбуллаштириш бўйича кўплаб ечимлар ижтимоий тармоқларда жиддий танқидга учрагани ҳам сир эмас. Умуман олганда, бундай қарорлар қандай қабул қилинади ва бу йўналишдаги ишлар давом этадими?

- Ҳа, кўплаб автобус йўналишлари мақбуллаштирилди. Шу муносабат билан ижтимоий тармоқларда жуда кўп танқидий чиқишлар бўлди. Ҳозирги вақтда транспорт ва йўл инфратузилмаси бош режасини ишлаб чиқиш учун концепция тайёрлаётганимиз сабабли, мақбуллаштириш жараёнини вақтинчалик тўхтатишга қарор қилдик.

Шаҳарнинг макромодели яратилганидан сўнг, иқтисодий ва математик ҳисоб-китоблар асосида мақбуллаштиришни давом этамиз, шунингдек, шаҳар аҳолиси билан барча қадамларни келишиб борамиз.

- Йўловчилар автобусларнинг кечқурунги пайтда, айниқса, соат 8 дан кейин яхши ҳаракатланмаслигидан шикоят қилишади, бу жараён қандайдир назорат қилинадими?

- "Тошшаҳартрансхизмат" да мазкур ҳолатлар устидан бевосита назорат олиб борувчи диспетчерлик маркази мавжуд.

- Автобуслар ҳаракатини кузатиш билан боғлиқ муаммолар ҳам бор, айрим автобуслар йўналишдан бирданига йўқолиб қолади. Айтишларича, ҳайдовчилар антенналарни ўзлари ўчириши мумкин экан, бу қанчалик тўғри?

- Тўғри, ҳайдовчилар антенналарни ўчириб қўйишлари ёки ўрнатилган GPS трекернинг модификациясини ўзгартиришлари учраб туради. Бунинг сабабларидан бири - нақд пул топшириш режаси ҳисобланади. Яъни бу режани бажариш учун ҳайдовчилар қоидаларни бузишади.

Бу йўналишда ҳам лойиҳа ишлаб чиқдик. Унга кўра, келажакда ҳайдовчиларнинг хизматлари учун километраж хисобидан ҳақ тўлаймиз. Яъни ҳайдовчилар йўл кира ҳаққи йиғишдан озод қилинади, улардан фақат йўналишлар жадвали ва оралиқларига риоя қилиш талаб этилади.

- Контактсиз тўлов тизимини амалга ошириш қандай бормоқда?

- Бугунги кунда метрополитенда 235 та турникет, 135 та сканер, QR-кодларини ўқиш учун 84 та стационар сервер ва 25 та ахборот киосклари ўрнатилди. Йил охиригача метрода яна 274 та валидатор- турникетлар ўрнатилади.

Пойтахт автобуслари 1150 та кўчма ва 914 та стационар валидаторлар билан жиҳозланган. Йил охирига қўшимча 1366та шундай қурилма автопарклар ихтиёрига топширилади. 130дан ортиқ жойда ойлик транспорт карточкаларини сотиш ташкил килинган.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...