Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Монополияга қарши курашиш қўмитаси импорт қилинган бензинга акцизнинг оширилиши бўйича ўз муносабатини маълум қилган. Бу тўғрисида Batafsil.uz мухбири маълум қилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, яқинда ижтимоий тармоқларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 4 баравар ошириш юзасидан билдирилган таклиф эълон қилинган эди. Қолаверса, компания импорт қилинадиган ҳом-ашёга белгиланган акцизнинг бекор қилинишини сўраган.
Куни кеча ушбу хабарлар Молия вазирлиги томонидан ҳам инкор этилди. Вазирлик маълум қилишича, Энергетика вазирлиги нефть маҳсулотлари импортига акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни тақдим этмаган. Шу билан бирга, вазирлик берган маълумотга қараганда, ставкаларни унификация қилиш бўйича, қолаверса импорт жараёни ҳамда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ягона акциз солиғи ставкасини белгилаш устида тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур масалани Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам изоҳлаб берди.
“Нефть маҳсулотлари учун акциз солиғи деярли барча давлатларда қўлланилади. Акциз солиғи – бу мамлакат ичида ишлаб чиқариладиган ва импортдан келтириладиган, одатда аниқ рўйхатини белгилаган ҳолда, товарларга нисбатан тўланиладиган билвосита солиқ ҳисобланади. Халқаро тажрибада ривожланган мамлакатларда акциз солиғи давлат бюджети учун даромад манбаи сифати кўрилади. Бунда, акциз солиғи товарнинг маҳаллий ёки импортдан келтирилганлигидан қатъий назар ягона ставкада белгиланади”, - дея маълум қилмоқда Қўмита.
Шу билан бирга, акциз солиғини ҳар-хил даражада белгилаш тажрибаси Белоруссия ва Қозоғистонда кузатилди. Бунда, истеъмолчилар учун нархни ошишига йўл қўймаслик ва аксинча арзонлаштириш, ёки тадбиркорлик субъектларига тенг шароит яратиш нуқтаи назардан амалга оширилган.
Хусусан, Белоруссияда 28 февралдан 31 декабрга қадар маҳаллий бензин ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган бензинни сотишда, акциз солиғи тўловчиларига 0,25 коэффициент миқдорида имтиёз қўлланилиши белгиланган. Яъни, истеъмолчилар манфаатлари устуворлигини таъминлаган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт бензиннинг акцизини кўтармасдан, балки маҳаллий бензин учун акциз солиғига имтиёз қўлланилган.
Бундан ташқари, Қозоғистонда бозорда бензин танқислигини олдини олиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бензин нархини арзон ушлаб туриш мақсадида аввал импорт бензин учун акциз солиғи маҳаллий бензинга нисбатан деярли уч баравар кам бўлган. Лекин, 2018 йилдан бошлаб бозор иштирокчиларига тенг шароит яратиш мақсадида акциз миқдори тенглаштирилган.
Қўмитанинг таъкидлашича, 2020 йилга қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг нефтни қайта ишлаш заводларида бир қатор имтиёз ва преференциялар қўлланиб келинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сон қарори билан берилган шарт-шароитлар шунинг жумласидандир.
“Ҳозирги кунда Ўзбекистонда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш бўйича барча корхоналарга тенг шароитлар яратилди. Монопол корхона ҳисобланган Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари 2020 йилнинг май ойидан нархни шакллантириш бўйича қўлланиб келинган чекловлардан озод этилди. Эндиликда нархлар биржа савдоларида талаб ва таклифдан келиб чиқиб шакллана бошлади”, - деб маълум қилмоқда Монополияга қарши курашиш қўмитаси.
Қўмитанинг фикрича, “Ўзбекнефтгаз” томонидан импорт нефть маҳсулотларининг акциз солиғини оширилиши бўйича Энергетика вазирлигига киритилган таклифи етарлича иқтисодий асослантирилмаган.
“Соғлом рақобат муҳитининг таъминланиши ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда Монополияга қарши курашиш қўмитаси акциз солиғини оширилиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди. Таъкидлаш жоизки, маҳсулотни импортига акциз солиғини белгилаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши лозим. Кенгаш мазкур масалани кўриб чиққан тақдирда, Қўмита юқоридаги позицияси билан иштирок этади ва ҳимоя қилади”, -дея хабар қилмоқда Қўмита.
Изоҳлар мавжуд емас