Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors компанияси фаолиятини ўрганиб чиқиб, автомобиллар нархи асоссиз оширилганлигини аниқлаган. Шунингдек, компания янги дилерларнинг бозорга киришлари учун сунъий тўсиқ яратгани маълум бўлган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
UzAuto Motorsнинг "Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя қилиши юзасидан олиб борилган суриштирув жараёнининг бориши ҳақида депутат Расул Кушербаев маълумот берди. Текширув натижалари компания вакиллари иштирокида ўтказилган видеоконферения давомида кўриб чиқилган.
Депутатнинг сўзларига кўра, текшириш давомида UzAuto Motors қонунчилик талабларини бузган, яъни монопол равишда юқори нархларни қўллаган.
Депутатнинг айтишича, автомобилларнинг асосий қийматини шакллантиришда ишлатиладиган материаллар ва бутловчи қисмлар нархлари ошириб юборилган. 2019 йилнинг 9 ойидаги ҳисоботда акс этган маълумотлар ҳисобга олинган бўлиб, меъёрланмаган харажатларнинг оширилиши қайд этилган. Автомобилларнинг нархига асоссиз равишда реклама сарфлари киритилган ва кредитлаш харажатлари нотўғри ҳисобга олинган.
Бундан ташқари, текширув давомида маълум бўлишича, баъзи бир дилерларга автомобилларни сотишда қатор имтиёз ва афзалликлар берилган. Оқибатда улар бошқаларга қараганда қулайроқ шароитларга эга бўлишган. Янги дистрибьюторлар билан тузилган шартномаларга унинг мазмунига даҳлдор бўлмаган бандлар киритилган.
Депутат қисқа вақт ичида сотилган автомобилларнинг аксарият қисми чекланган миқдордаги дилерлар улушига тўғри келганлигини жуда шубҳали деб атади.
Янги дилерларнинг бозорга кириши учун UzAuto Motors компанияси 10 миллиард сўм миқдорида аванс тўловини амалга ошириш талаби билан сунъий тўсиқни яратган. Бироқ, ушбу талаб амалдаги дистрибюторларга нисбатан қўлланилмаган.
Бундан ташқари, Монополияга қарши қурашиш қўмитасининг аниқлашича, бўлаб тўлаш шарти билан автомобилларни сотиш бўйича ўтказилган акция фақат Autosanoat Invest корхонаси орқали амалга оширилган бўлиб, унинг асосий таъсисчиси UzAuto Motorsнинг ўзи ҳисобланади. Қолган дилерларда бундай акцияларни тўғридан-тўғри ўтказиш имконияти йўқ бўлмаган.
Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, компания қайд этилган қонунбузарликларни тан олмаган. UzAuto Motors иш материаллари ўрганиб чиқилгандан кейин қўшимча ҳужжатлар тақдим этилишини билдирган.
Депутатнинг ёзишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссия қароридан кейин натижалар бўйича қўшимча маълумотларни эълон қилади.
Эслатиб ўтамизки, июль ойининг охирида Расул Кушербаев пандемия туфайли Ўзбекистонда юзага келган мураккаб вазиятга қарамай, UzAuto Motors компаниясини тез ёрдам машиналарни юқори нархларда сотаётганликда айблаган эди. Компания эса ўз ўрнида, депутат "маданиятли мулоқот доирасидан ташқарига чиқди", деб жавоб берди ва "айрим сиёсатчилар учун популизм асосий, ҳаттоки ягона қурол бўлиб қолди”, дея таъкидлади.
Изоҳлар мавжуд емас