Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Дунёдаги энг машҳур видеоблогерлардан бири Жимми Дональдсон, яъни MrBeast 9 октябрь куни Тошкентда мухлислари билан илк бор учрашди. Тадбир давомида уч нафар ғолибнинг ҳар бири 100 миллион сўмдан пул мукофотини қўлга киритди. Учрашув Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этиш учун мухлислар аввал анкета тўлдириб, сўнг тасодифий танловдан ўтган. Танланган иштирокчиларга шахсий QR-кодлар юборилган.
Учрашув блогернинг машҳур кўрсатувлари услубидаги челленжлар, викториналар ва мантиқий топшириқлар билан ўтди. Энг топқир уч нафар иштирокчи 100 миллион сўмдан пул мукофоти олди. Шунингдек, саралашдан ўтган барча иштирокчиларга эсдалик совғалари, жумладан, мато сумка, блокнот, билагузук ва стикерлар тақдим этилди. Мухлисларга MrBeast бренди остидаги Feastables шоколадлари ҳам тарқатилди.
Ташриф давомида блогер ва унинг жамоасига ўзбек миллий чопонларида тасвирланган портрет совға қилинди. Блогер Марям Тилляева эса MrBeast учун унинг логотипи ва Uzbekistan ёзуви туширилган махсус чопон тиктирганини маълум қилди.
MrBeastнинг ташрифи маҳаллий тадбиркорлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистондаги брендлар ва умумий овқатланиш масканлари ижтимоий тармоқларда блогернинг ташрифидан фойдаланиб, турли реклама роликларини тарқатди. Айрим роликларда у гўёки муайян корхонага ташриф буюрган ёки унинг маҳсулотларини шахсан реклама қилгандай тасвирланган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда блогернинг машҳур қизил Lamborghini автомобили Тошкентда ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ пойтахт ЙҲХБ бу маълумотни рад этиб, автомобиль Тошкентда ҳеч қандай ҳодисасиз ҳаракатланганини билдирди. MrBeast эса суперкар Деҳлидаги суратга олиш ишлари вақтида шикастланганини маълум қилди.
Тошкентдаги учрашув блогернинг Марказий Осиё бўйлаб сафаридаги илк манзил бўлди.

Изоҳлар мавжуд емас