Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Дубайдан Тель-Авивга парвоз қилаётган Flydubai авиакомпанияси самолётининг иккинчи пилоти бошқарувни эгаллаб, ҳаво кемасини Бен-Гурион номидаги аэропортнинг йўловчилар терминалига уриш орқали террорчилик содир этишни режалаштиргани маълум бўлди.
Тергов маълумотларига кўра, 29 ёшли Оман фуқароси бўлган иккинчи пилот 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига тақлид қилган ҳолда худкушлик ҳужумини уюштиришни мақсад қилган.
У тергов пайтида жиноятни ёлғиз ўзи режалаштирганини ва иложи борича кўпроқ одамни ўлдиришни мақсад қилганини тан олган.
Шунингдек, у ҳужумга тайёргарлик кўриш мақсадида муқаддам Тель-Авивга икки марта парвоз қилиб, маршрут ва аэропортни ўрганиб чиққан.
БАА бош прокурорининг қайд этишича, гумонланувчи Flydubai компаниясига ишга киришдан олдин барча хавфсизлик текширувларидан муваффақиятли ўтган, пилотлик лицензияси ва судланмагани ҳақида ҳужжат тақдим этган.
Текширувлар жараёнида унинг экстремистик қарашлари ёки бундай жиноий ниятлари борлиги аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ҳукумати эгаллаб олинган FlyDubai самолётини уриб туширишга тайёр бўлгани маълум бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас