Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Uzum Market маркетплейсининг расмий веб-сайти, мобил иловаси ҳамда сотувчиларнинг шахсий кабинетлари қайта ишга тушди. Харидорлар буюртмаларни одатдаги тартибда расмийлаштиришлари мумкинлиги маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzum Marketда 8 октябрьга ўтар кечаси йирик техник носозлик юз бериб, бу деярли бир вақтда Yandex Cloud булут платформасининг мавжудлик зоналаридан бирида электр таъминотида узилишлар кузатилгани ҳақида хабар берилган пайтга тўғри келганди.
Қайд этилишича, омборхоналар ва мамлакат бўйлаб барча топшириш пунктлари одатдаги режимда фаолият юритмоқда, шунингдек, харидларнинг топшириш пунктларида сақланиш муддати узайтирилган.
Техник узилиш сабабли буюртмасини ололмаган харидорларга бир ҳафта ичида кейинги харидлар учун промокодлар юборилади, сотувчилар учун логистика ва сақлаш хизматлари октябрь ойи охиригача бепул қилинади, франшиза асосидаги пункт эгаларининг бой берилган фойдаси эса қоплаб берилади.
Маркетплейс матбуот хизмати айрим функциялар ишида вақтинчалик хатоликлар учраши мумкинлигини, дастурчилар жамоаси барча носозликларни тўлиқ бартараф этиш учун янгиланган инфратузилмани синовдан ўтказишда давом этаётганини билдирди.

Изоҳлар мавжуд емас