Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Шу кунларда янги Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳ шифохоналар ҳолатини ўрганмоқда. Муаммолар кўплиги аниқ, хусусан санитария-гигиеник масалалар ўз ечимини кутмоқда. Бу ҳақда мухбиримиз бермоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, вилоятлардаги бир қатор тиббиёт муассасаларида зарур санитария қоидалари ва гигиена меъёрларига риоя қилинмайди, паразитар ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ишлари яхши ташкил этилмаган. Бу фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, айрим шифохоналарда беморлар врачларни узоқ вақт кутишади, кўплаб шифокорлар бевосита вазифалари билан эмас, балки турли қоғозларни тўлдириш билан банд.
Шунга асосланиб, Мусаев вазиятни ўнглаш учун касалхона раҳбарларига уч кун вақт берган.
Жумладан, барча тиббий-профилактика муассасаларига уч кун ичида ҳожатхоналарини таъмирлаш буюрилган. Бундан ташқари, ҳожатхоналар барча керакли тозалаш воситалари (совун ва суюқ совун, бир марталик қоғоз сочиқ, урналар ва тозалаш учун зарур бўлган бошқа жиҳозлар) билан таъминланиши керак.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъкидлашича, эндиликда шифхонларнинг самарадорлигини баҳолашда улардаги санитария-гигиена ҳолати алоҳида мезон сифатида эътиборга олинади.
Изоҳлар мавжуд емас