Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон сенаторлари Экология вазири Азиз Абдуҳакимовга мамлакатга олиб кирилаётган электр двигателли гибрид автомобилларни экологик сертификатлаш масаласи бўйича расмий сўров юборишган. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Бундай автомобиллар "Евро-4"дан паст бўлмаган стандартга жавоб беришини тасдиқловчи экологик сертификатни тақдим этиш талаби ижтимоий тармоқларда танқид ва саволларга сабаб бўлди. Зеро, гибридларнинг аксарияти аллақачон "Евро-5" ва "Евро-6" каби юқори стандартларга жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги қарорига кўра, экологик хавфсизликни текшириш аккредитациядан ўтган лабораторияда амалга оширилиши керак. Агар у бўлмаса, идентификатсион баҳолашга йўл қўйилади, аммо бу механизм бўйича аниқ кўрсатмалар йўқ.
Бундан ташқари, ҳукуматнинг 2022 йил 12 апрелдаги қарорида гибрид автомобиллар алоҳида тоифа сифатида эътироф этилган. Бироқ, амалда улар М ва N тоифасидаги транспорт сифатида таснифланишда давом этмоқда, бу эса чалкашликларга сабаб бўлади.
Ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев экологик сертификатлашни ўтказувчи идоралар фаолияти қай тарзда тартибга солиниши, уни ўтказиш ва сертификат бериш (ёки уни беришни рад этиш) учун тўлов миқдори қандайлигини тушунтириб беришни сўрамоқда.
Шунингдек, аккредитациядан ўтган лабораторияларнинг техник базаси мавжудми, барча мурожаатларни қамраб олиш учун етарлими, синовларни сифатли ўтказишга қодирми, деган савол ҳам ўртага ташланмоқда.
Сенатор томонидан кўтарилган асосий савол: электр двигатель билан жиҳозланган гибрид автомобилларга экологик сертификат олиш талаби қанчалик асосли ва мантиқан тўғри?
Қайд этилишича, ушбу қоидаларни тушунтириш меъёрий ҳужжатларни қўллашда шаффофликни таъминлашга ёрдам беради, шунингдек, тадбиркорлар ва фуқароларни бюрократик тўсиқлардан халос этади.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг "Адолат" фракцияси депутати Дилмурод Исмоилов транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва ИИВ вазири Акбаржон Тошпўлатовга сўров юборганди. Бунга автомобилларни ноқонуний ижарага олиш, жумладан, вояга етмаганлар ва ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган шахслар билан боғлиқ ташвишли ҳолатлар сабаб бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас